Самарқандда яна битта хусусий мактаб очилди
Самарқанд шаҳрида “Оxford international school” ва “Fast Education” нодавлат таълим муассасаси ўзининг 9-11-синф ўқувчиларига мўлжалланган янги илм масканини ташкил этди.
Муассасанинг тантанали очилиш маросимида таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси вилоят бошқармаси бошлиғи Ғайрат Бобохолов, “Оксфорд” халқаро мактаби асосчиси Ботир Жўраев ва бошқалар сўзга чиқиб, янги мактаб имкониятлари, умуман, ёш авлодга таълим беришда нодавлат таълим муассасаларини ташкил этиш ва улар фаолиятини ривожлантириш борасидаги бугунги ишлар хусусида сўз юритди.
Тадбир иштирокчилари мазкур мактабда яратилган шарт-шароитлар ва имкониятлар билан танишди.
Мазкур мактаб ҳозирда 200 нафар ўқувчи қабул қилиш имконига эга. Муассаса энг замонавий ўқув қуроллари ва жиҳозлари, мультимедиа воситалари билан таъминланган. Дарслар олий тоифали ўқитувчилар томонидан ўтилади. Шунингдек, муассасага чет эллик ўқитувчилар жалб этилган.
– Муассасамизда мамлакатимиз таълим тизими ҳамда IELTS, SAT ва IT каби фанлар бўйича интенсив курсларни ўзида мужассам этган ҳолда 9, 10 ва 11-синф ўқувчилари учун юқори таълим стандартлари жорий этилган, – дейди мактаб раҳбари Ботир Жўраев. - Дарслар икки сменага мўлжалланган бўлиб, унда биринчи сменада инглиз тилини даражалар бўйича ўрганиш, халқаро стандартлар бўйича мустаҳкамланган математика, мантиқий фикрлаш, шунингдек, ахборот технологиялари бўйича дарслар ўтказилади. Ўқувчилар Adobe Photoshop, Adobe Illustrator каби дастурлар бўйича график дизайн дарслари, веб-дизайн ва веб-дастурлаш, маркетинг кўникмалари бўйича билим олади.
"Fast Education" ўқув муассасида инглиз тилидан ташқари, корейс, япон, рус тиллари ўргатилади. Шунингдек, бу ерда боғча ёшидаги болаларни интеллектуал ва ижтимоий ривожланишига эътибор қаратилган. Ижтимоий дафтарларда турадиган оилалар фарзандлари учун имтиёзлар бор.
“Оксфорд” халқаро мактабига ўқувчилар танлов асосида қабул қилиниб, улар инглиз тили, математика ва мантиқий фикрлашда билимларини синовдан ўтказади.