Самарқандда юқори барқарорлик даражасидаги корхоналар бир йилда 334 тага кўпайиб, уларнинг сони 1171 тани ташкил этди

Самарқандда юқори барқарорлик даражасидаги корхоналар бир йилда 334 тага кўпайиб, уларнинг сони 1171 тани ташкил этди

Давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан жорий йилги учрашуви ҳам таклиф ва ташаббусларга бой бўлди. Албатта, бевосита таниш бўлмаган исталган одамда “бу каби саъй-ҳаракатлар самара беряптими, натижа қанақа?”, деган савол туғилиши мумкин.

Аслида, тадбиркорликни ривожлантириш учун қонуний, шаффоф ва қулай шарт-шароит яратиб берилгани натижасида соҳа борган сари ривожланмоқда. Хусусан, сўнгги беш йилда вилоятимизда 20,3 мингта тадбиркорга 25,2 триллион сўмлик солиқ имтиёзлари қўлланилди. Пировардида биргина қўшимча қиймат солиғи тўловчилар сони 2017 йилдаги 491 тадан 15 мингтага етиб, 31 баробарга ошди.

Албатта, тадбиркорликни ривожлантиришда асосий масала уларни молиявий қўллаб-қувватлаш ҳисобланади. Юртимизда айни масалада ҳам барча молиявий воситалар яратилган.

Улардан фойдаланиб, жорий йилда тадбиркорликка 6 триллион сўмга яқин кредитлар ажратилди. Фақат дастурлар доирасида 45 минг шахсга 1,3 триллион сўмлик имтиёзли кредитлар берилди. Бунинг ҳисобига 46 минг нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди.

Умуман, вилоятда жорий йилнинг ўзида тадбиркорлар сони 6,1 мингтага кўпайиб, 74,3 мингтага етди. Шундан кичик тадбиркорлик субъектлари 66 минг, ўрта тадбиркорлик субъектлари 8,1 минг, йирик тадбиркорлик субъектлари 603 тани (товар айланмаси 100 миллиард сўм ва ундан ортиқ) ташкил этди.

Давлатимиз раҳбарининг 2023 йилда тадбиркорлар билан ўтказган очиқ мулоқотида уларнинг фаолиятини баҳолаш ва қўллаб-қувватлаш рейтинг асосида юритилиши белгилаб берилган эди. Бу борада ўтган даврда 2 та фармон ва 2 та қарор қабул қилиниб, тизим яратилди.

Тадбиркорлар бу ишлар моҳияти ва соҳа ривожидаги аҳамиятини тўғри тушуниб, ўз рейтингини яхшилашга ҳаракат қилмоқда. Биргина жорий йилда юқори барқарорлик даражасидаги корхоналар 334 тага кўпайиб, уларнинг сони 1171 тани ташкил этмоқда.

Ўрта барқарорлик даражасидагилари эса 1067 тага кўпайиб, 9548 тага ва қониқарли барқарорлик даражасидагилар 988 тага кўпайиб, 17900 тага етди.

Мисол учун, Ургут туманида қуйи тоифага мансуб корхоналар 1577 тадан 1457 тага камайиб, 120 та корхона қониқарли тоифада қолган.

Энди бор эътиборимизни қуйи тоифадаги 16,2 мингта корхонага қаратиб, улар рейтингини яхшилаш чораларини кўрамиз.

Кичик ва ўрта бизнес субъектларини йириклаштиришга кўмаклашиш орқали уларни “чемпион тадбиркор”га айлантириш бўйича ҳам муайян ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, 49 та корхона чемпионлик мезонлари асосида танлаб олиниб, уларга кўрсатилган ёрдамлар натижасида ишчилар сонини 4 минг нафарга, товар айланма ҳажмини 4 триллион сўмга, экспорт ҳажмини 108 миллион долларга оширишга эришилди.

Бундан ташқари, 8 та тадбиркор йиллик товар айланма ҳажмини 100 миллиард сўмдан ва иш ўрнини 500 тадан ошириб, вилоят даражасидаги “чемпион тадбиркор”га олиб чиқилди. Энди уларни республика миқёсидаги “чемпион”га айлантириш чораларини кўряпмиз.

Мисол учун, Паст Дарғомдаги "NEW TECH SAMARKAND" масъулияти чекланган жамиятига берилган кўмаклар ҳисобига 1 март ҳолатига туман даражасидаги чемпионликдан бугунги кунда вилоят даражасидаги (ишчи сони 1025 нафар, товар айланмаси 242,2 миллиард сўм) “чемпион”га айланди.

Давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан жорий йилги очиқ мулоқотига тадбиркорларимиз томонидан 1078 та мурожаат бўлган. Шундан, 836 таси ижобий ҳал этилиб, қолган 241 та мурожаат вилоят ҳокими назоратида кўриб чиқилмоқда.

Дарвоқе, жорий йилнинг биринчи ярмида 670 миллион доллар хорижий инвестиция ўзлаштирилиб, ўтган йилга нисбатан 28 фоизга ўсишга эришилди.

Йил якунигача 340 миллион долларлик 14 та йирик лойиҳа ишга туширилади. Жумладан, саноат ривожланмаган Пахтачи туманида “Зиёвуддин инвест текстил” масъулияти чекланган жамияти томонидан қиймати 16,3 миллион долларлик трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Вилоятда экспорт масаласига ҳам алоҳида эътибор берилиб, экспортёрларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш ва уларга берилган имтиёзлардан фойдаланиш натижасида сўнгги 5 йилда вилоятнинг экспорт ҳажми 2,5 баробарга ошди.

Қайд қилиш лозимки, ўтган 7 ойда 553,1 миллион долларлик маҳсулотлар экспортга чиқарилиб, йиллик режа 65 фоизга бажарилди.

Бугунги кунда кичик бизнес субъектларининг вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 68,2 фоизни ташкил этмоқда.

Шербек БЎРОНОВ,

вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари.