Самарқандда замонавий IТ-park қурилиши бошланди

Самарқанд шаҳрида IТ саноати инкубатор биноларини қуриш лойиҳасига старт берилди. 

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда вилоят ҳокими Адиз Бобоев, Рақамли технологиялар вазирининг маслаҳатчиси Жамшид Эгамбердиев, IТ-park кузатув кенгаши раиси Фарҳод Иброҳимов, лойиҳанинг бош пудратчи вакили, Хитойнинг Ўзбекистондаги “Shanghai Construction Group” компанияси бош директори Панг Шенгжиан ҳамда соҳа вакиллари иштирок этди.

— Ушбу замонавий IT Parkнинг қурилиши рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, инновацион технологияларни турли соҳаларга кенг жорий этиш, шунингдек, ахборот технологиялари бўйича ёш иқтидорли мутахассисларни тайёрлашга хизмат қилади, — деди вилоят ҳокими А.Бобоев. — Мажмуада стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, замонавий билим ва кўникмаларга эга кадрлар тайёрлаш учун барча шарт-шароитлар яратилади. Бу эса ҳудудда ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва иқтисодиёт тармоқларининг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.

IТ инкубация маркази 1 гектарга яқин майдонни эгаллаган бўлиб, лойиҳа EPC+F (Муҳандислик, таъминот, қурилиш + молия) модели асосида Хитойнинг Ўзбекистондаги “Shanghai Construction Group” компанияси томонидан амалга оширилмоқда. 

— Компания халқаро миқёсда амалиётга эга бўлган кучли, кўп тармоқли қурилиш компанияси бўлиб, 2024 йилда унинг йиллик даромади 41 миллиард АҚШ долларига етди, — дейди “Shanghai Construction Group” компанияси бош директори Панг Шенгжиан. — У “Fortune Global 500”, яъни дунёнинг энг кучли компаниялари 500 талиги рўйхатида 354-ўринни, дунёнинг энг йирик пудратчилари рейтингида 8-ўринни эгаллаган. 2019 йилда Ўзбекистон бозорига кириб келган компаниямиз EPC+F модели асосида “Тошкент СИТИ”, учта банк бош офис бинолари лойиҳаларини муваффақиятли амалга оширди. Самарқанд IТ-саноати инкубатор биноларини қуриш лойиҳасини ҳам муваффақиятли қуриб битказамиз. Лойиҳа ишга тушгач, маҳаллий ёшларга кўпроқ юқори сифатли иш ўринлари яратилади, минтақавий иқтисодий тузилмани такомиллаштириш ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш янада рағбатлантирилади, шу билан бирга Самарқанднинг замонавийлашув жараёнига туртки бўлади.

EPC+F модели асосида қуриладиган IТ саноати инкубатор бинолари лойиҳалаш, дизайн харид қилиш, қуриш ва молиялаштириш вазифаларини ўз зиммасига олади. Лойиҳани режалаштириш, тизимлаштириш, хавфсизлик стандартлари ва муҳандислик бошқаруви соҳаларидаги ишлар қонун талабларига ва халқаро муҳандислик амалиётини тўлиқ ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади. 

– Ушбу лойиҳа “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгилаб берилган вазифалар доирасида амалга оширилмоқда, – дейди Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазири маслаҳатчиси Жамшид Эгамбердиев. – Лойиҳа минтақавий рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, инновацион соҳаларни шакллантириш ва ёш иқтидорли мутахассисларни тайёрлашга замин яратади. Шунингдек, Ўзбекистон ва Хитой ўртасида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, рақамли саноат инфратузилмаси ва ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.