Самарқанддаги афғонлараро учрашувда «Толибон» ҳам қатнашиши мумкин
«Толибон» ҳаракати, агар таклиф қилинса, Ўзбекистонда ўтадиган навбатдаги афғонлараро тинчлик конференциясида иштирок этишни ўйлаб кўришини билдирди, деб ёзади Minbar. «Лекин ҳозирча толиблар музокарага расман таклиф қилинмаган», – дейди Толибоннинг Доҳадаги сиёсий ваколатхонасининг матбуот котиби Суҳайл Шаҳин.
«Ўзбекистондаги учрашув куни ҳали белгиланмади. Агар бизни таклиф қилишса, бу ҳақда ўйлаб кўрамиз», – деган Суҳайл Шаҳин.
7-8 июлда Қатарда бўлиб ўтган конференцияда қатнашган афғонларнинг айтишича, кейинги афғонлараро учрашув 3-4 ҳафтадан сўнг Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Кобулда Афғонистон президенти Ашраф Ғани билан учрашуви чоғида Афғонистон ҳукуматига Ўзбекистон ҳудудида «Толибон» билан тинчлик музокараларини ўтказишни таклиф этган эди.
«Ўзбекистон "Толибон" музокарачиларини қабул қилиши мумкин, агар улар Афғонистон ҳукумати билан тўғридан-тўғри музокара ўтказишга тайёр бўлса», – деган Абдулазиз Комилов.
«Толибон» Афғонистон ҳукуматини нолегитим ва АҚШнинг «қўғирчоғи» деб ҳисоблайди. Шунинг учун афғон ҳукумати билан тўғридан-тўғри музокара ўтказишдан бош тортиб, АҚШ расмийлари билан музокара ўтказиб келади.
Бу таклиф нега муҳим: Афғонистонда тинчлик ўрнатилишидан Ўзбекистон ўта манфаатдор. Биринчидан, минтақада хавфсизлик таъминланади. Иккинчидан, Ўзбекистон учун денгиз портларига чиқиш учун қисқа йўл очилади. Учинчидан эса ўзаро савдо ҳажми ошади.
Абдулазиз Комилов ва Ўзбекистоннинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев 4 март куни Қатарда «Толибон» амирининг муовини мулла Абдулғани Бародар билан ҳам учрашган эди. Ўшанда Бародар Тошкентда 2018 йилнинг мартида Афғонистон бўйича ўтказилган халқаро анжуман натижаларини юқори баҳолаган.