Самарқанддаги “Center for assement of knowledge” билимни баҳолаш марказининг аккредитацияси нега бекор қилинган эди?
Бугун Корея Республикасида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширмоқчи бўлган номзодлар учун Тошкент ходимларни бошқариш ва меҳнатни муҳофаза қилиш коллежида тест синовлари бўлиб ўтмоқда, деб хабар беради ЎзА.
Эрталабдан бино олдида тумонат одам тўплаган эди. Улар орасида аввал Самарқандда тест топширган 483 нафар номзоддан ташқари, биринчи марта рўйхатдан ўтаётганларни ҳам учратиш мумкин.
Имтиҳон ўтказилаётган хонада тест топширувчилар учун барча шароитлар яратилган. Номзодлар 120 та компьютерда онлайн тест топширишмоқда. Хонада йигирмадан ортиқ кузатув камераси ўрнатилган. Назоратчилар номзодларга зарур вақтда тушунтириш ишларини олиб бормоқда.
Бизни бир савол қизиқтирди. Нега Самарқанддаги “Center for assement of knowledge” билимни баҳолаш марказининг аккредитациясини Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бекор қилди? Бу саволга Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги бошлиғининг биринчи ўринбосари Давлатназар МАТРАСУЛОВ жавоб берди.
– Президентимизнинг 2018 йил 5 июлдаги “Ўзбекистон Республикасининг Ташқи меҳнат миграция тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ва Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда уюшган ҳолда ишга жойлаштириш тизимини янада такомиллаштириш ва тубдан қайта кўриб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларига мувофиқ Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигида жиддий ислоҳотлар амалга оширила бошланди, – деди Давлатназар Матрасулов. – Хусусан, хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширмоқчи бўлган фуқароларимизга ҳар томонлама қонуний ёрдам бериш, хорижга ишга юборишда талаб қилинадиган синов имтиҳонларини шаффоф амалга ошириш, фуқаролар ўртасида норозилик келиб чиқмаслиги борасида қонунийликни таъминлашга оид чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда. Шундай бўлсада, айрим Билимни баҳолаш марказлари фаолиятида нохолислик ҳоллари кузатиляпти. Натижада фуқаролар Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ва юқори турувчи ташкилотларга мурожаат қилишга мажбур бўлмоқда.
Корея Республикасида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун EPS-TOPIK тест имтиҳонларини белгиланган тартибда мустақил, шаффоф, адолатли тарзда ўтказмаган Самарқанддаги “Center for assement of knowledge” билимни баҳолаш марказининг аккредитацияси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги қарори билан бекор қилинди. Мазкур билимни баҳолаш маркази томонидан тақдим этилган барча номзодлар динамик рўйхатдан чиқарилди. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги динамик рўйхатдан чиқарилган номзодларга бугун назорат тартибида қайта имтиҳон топшириш имкониятини яратиб берди.
Шунингдек, билимни баҳолаш маркази айби билан Агентликка рўйхати тақдим этилмаган, аммо билим даражаси баҳоланган, қўлида сертификати бор, 70 баллдан юқори баҳо олган 483 номзод номзод тест имтиҳонига киритилди. Бундан ташқари, бугун мурожаат қилган 270 нафар талабгор ҳам тест имтиҳонларини бепул топширмоқда. Натижалар дарҳол эълон қилинмоқда. 15 июлдан динамик рўйхатга киритиш тўхтатилади.
Фуқароларнинг мурожаатларида кўтарилган муаммо қанчалар мураккаб ва кийин бўлмасин Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мутасаддилари муаммога ўз вақтида муносабат билдирди. Демак, тизимда жиддий ислоҳотларга қўл урилмоқда.
Маълумот учун: Корея Республикаси ҳар йили 16 давлатдан ишчи кучи қабул қилади. Жорий йилдан бошлаб Кореяда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга оширмоқчи бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун 3200 квота ажратилган. Илгари мамлакатимиздан ҳар йили 2800 нафарга яқин фуқаро Кореяда ишлаш учун жўнаб кетар эди.
Хуршид ҚОДИРОВ.