Самарқанддаги маҳаллада автобуслар ҳайдовчиларининг ноқонуний хатти-ҳаракатларига барҳам берилди

Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов 2019 йилнинг 17 декабрь куни Самарқанд шаҳридаги Хўжа Зудмурод маҳалласи фуқаролари билан бўлиб ўтган учрашувда Чорраҳа кўчасида жойлашган 10-умумий ўрта таълим мактаби олдидан ҳаракатланувчи автомобиллар, хусусан, жамоат тарспортлари катта тезликда юриши оқибатида ўқувчиларнинг мактабга келиб-кетишида хавф туғдираётгани, қолаверса, автобусларда белгиланган меъёрдан ташқари сигналлар ўртанилгани туфайли маҳалла аҳолисининг тинчлиги бузилаётгани юзасидан мурожаат қилинганди.

Хўжа Зудмурод маҳалласида истиқомат қилувчи фуқароларнинг маълум қилишича, учрашувдан сўнг вилоят ИИБ йўл ҳаракат хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан қоидабузар ҳайдовчиларни аниқлаш ва уларга қонуний чора кўриш мақсадида мазкур кўчада 3 кун рейд ташкил қилинган.

Ўтказилган рейд тадбирлари давомида жамоат учун хизмат қиладиган бир қатор автобус ҳайдовчиларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари аниқланиб, уларга нисбатан тегишли тартибда чоралар кўрилган.

Мазкур саъй-ҳаракатлар учун Хўжа Зудмурод маҳалласи аҳли вилоят ҳокимлиги ва йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига миннатдорлик билдирди.