Самарқанддаги Мотрид айланма йўли олдида янги автостанция иш бошлади

Ҳар куни Пайариқ, Иштихон, Оқдарё ва Қўшработ туманларидан келаётган 20-25 мингга яқин йўловчи Самарқанд шаҳрининг Даҳбед-Рудакий кўчалари чорраҳасига келиб, шаҳар ичидаги йўналишларда қатновчи жамоат транспортида ҳаракатини давом эттиради. Аммо йўловчилар мазкур чорраҳада транспорт воситаларининг кўплигидан соатлаб тирбандликда қолиб кетишади.
Эндиликда Самарқанд шаҳрига келаётган йўловчилар Самарқанд туманидаги Ўзбеккенти маҳалласида жойлашган Мотрид айланма йўли олдидаги янги автостанцияга тушадиган бўлди. "Ургут авто сервис" МЧЖ томонидан 2,5 гектар майдонда барпо этилган янги автостанцияда бир вақтнинг ўзида 40 дан зиёд жамоат транспорти тўхташи мумкин.
Шунингдек, 20, 27, 8, 219 рақамли йўналишлардаги автобуслар йўловчиларини олиб, шаҳар томон ҳаракатланмоқда. Автостанциядан йўловчиларни ўз вақтида олиб кетишини таъминлаш мақсадида вилоят транспорт бошқармаси томонидан янги “Даҳбед кўчаси – Мотрид автостанцияси” йўналиши ташкил этилди.
- Энди туманлардан келаётган жамоат транспорти шаҳар ичкарисига кириши шарт бўлмай қолди, - дейди янги йўналиш автобуси ҳайдовчиси Рўзибой Юсупов. – Келаётган йўловчиларни мунтазам ўз манзилларига, ўз уйларига қайтаётганларни ҳам шу янги автовокзалга олиб келяпмиз. Ҳозирча одамлар кам, чунки ҳали кўпчилик бу ерга ўрганмаган. Лекин тез орада барча йўловчилар хавфсиз ва қулай бўлган йўналишлардан фойдаланади.
Яна бир қулай томони, Мотрид айланма йўлидан ўтадиган барча йўналишлардаги жамоат транспорти автовокзалга кириб, йўловчи олиб кетмоқда.
- Кечқурун уйга қайтишда Даҳбед кўчасида соатлаб транспорт кутардик, - дейди Самарқанд ихтисослашган санъат мактаби ўқувчиси Аҳаджон Мардонов. - Энди автобуслар тўғри шу ерга келмоқда. Бу ерда ҳам туманларга қатновчи такси ва автобуслар кутиб турибди. Ҳам вақтингизни, ҳам пулингизни тежайсиз, бу бизга маъқул бўлди.
Янги автовокзалда йўловчилар ва ҳайдовчилар учун зарур қулайликлар яратиляпти. Тез кунларда ошхона, ҳожатхона ва бошқа савдо дўконлари ҳам ўз фаолиятини бошлайди.
Дилмурод Тўхтаев,
Бахтиёр Мустанов.