Самарқанддаги “РК-2” қозонхонасида реконструкция ишлари вазир ўринбосари иштирокида ўрганилди

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари Озода Жўраева, "Иссиқликтаъминоти" АЖ бошқаруви раиси Илҳом Тўраев, Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Наврўз Раҳмонов ва бошқа масъул ташкилотлар вакиллари Самарқанд шаҳридаги “РК-2” марказий қозонхонасида амалга оширилаётган реконструкция ва модернизация ишларини кўздан кечирдилар.
Унда лойиҳа доирасида олиб борилаётган қурилиш-монтаж ишлари, мавжуд ҳолат, истиқболдаги вазифалар ҳамда амалга оширилиши режалаштирилган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Маълумот учун, ушбу лойиҳа доирасида 39,4 км узунликдаги тенг қобиқли иссиқлик қувурларини ётқизиш, шунингдек, умумий қуввати 100 Мвт бўлган 3 та замонавий қозонхона (2 та — 30 Мвт, 1 та — 40 Мвт) қурилиши белгиланган.
Лойиҳа якунлангач, Самарқанд шаҳрининг “Саттепо”, “Суғдиёна” ва “Микрорайон” ҳудудларидаги 22 та ижтимоий соҳа обекти, 381 та кўп қаватли уй ва улардаги 18 минг 864 та хонадон иссиқлик энергияси билан таъминланади. Бу эса жами 53 минг 46 нафар аҳоли учун барқарор ва самарали иссиқлик таъминотини яратади.
Мутасаддилар Самарқанд вилояти "Иссиқлик таъминоти" МЧЖда ишчи-ходимларнинг малакасини ошириш, шунингдек, уларга яратилган шарт-шароитлар билан ҳам яқиндан танишдилар. Келгуси долзарб вазифаларни сифатли амалга ошириш бўйича тегишли масъулларга топшириқлар берилди.