Самарқандлик депутатлар ноқонуний қурилишлар бўйича соҳа масъуллари ва прокурорни эшитади
Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг ўттизинчи сессиясида депутат Азиз Аҳроров навбатдаги сессияда қурилиш соҳаси масъулларининг ҳисоботини эшитиш таклифини билдирди.
- Назаримда, қурилиш, айниқса, хусусий кўп қаватли уй-жойлар қурилиши борасида ноқонуний ишлар кўпайиб боряпти, - деди Азиз Аҳроров. – Масалан, депутат Бадриддин Насриев сайлов округидаги ноқонуний қурилаётган кўп қаватли уй бўйича депутат сўрови юборди ва ОАВда чиқиш қилди.
Бироқ бузиб ташласин, демайман, аммо ноқонуний қурилмани соҳа мутасаддилари, ҳатто прокуратура ҳам тўхтатолмаяпти, шекилли.
Худди шунга ўхшаш ҳолат Самарқанд шаҳрининг яна бир ҳудуди – Минск кўчасида кузатиляпти.
Битта нарсани тўғри тушунишимиз керак, эртага мулкий даъво пайдо бўлса тўлов маҳаллий бюджетдан амалга оширилади. Яъни, одамларимиз "емаган сомсага пул тўлашлари"га тўғри келади.
Таклифим – тизим мутасаддилари ва тегишли ҳуқуқ-тартибот органлари сессияда ҳисобот берсин: нима учун депутат сўровига бундай муносабатда бўлиняпти? Нега ноқонуний қурилишни тўхтатишга прокурорнинг ҳам кучи етмаяпти?
А.Аҳроровнинг таклифи бир овоздан қўллаб-қувватланди.