Самарқандлик тадбиркор Умар қурган уйлар қонунийми?
Ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳар “Афросиёб” маҳалласи, Даҳбед кўчаси 14- “А” манзилда қурилган уйлар бузилмоқда, деган мазмунда видеолавҳа эълон қилинганди. Ушбу видеолавҳада келтирилган важларнинг айримлари юзасидан фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди расмий муносабат билдирган. Унда қуйидагилар баён қилинган:
Самарқанд шаҳар “Афросиёб” маҳалласи, Даҳбед кўчаси, 14- “А” манзилда жойлашган қурилиш ости майдони 821,15 метр квадрат бўлган 42 та хонадан ва 1 та мансартдан иборат кўп қаватли уй-жой биноси Самарқанд шаҳар ҳокимининг 2017 йил 23 мартдаги 402-Қ-сонли қарорига асосан 2017 йил 10 июлда 334/177-сон билан "Afrоsiyob Xosiyat Begim Makoni" масъулияти чекланган жамияти номига давлат кадастри рўйхатига олинган.
"Afrоsiyob Xosiyat Begim Makoni" МЧЖ томонидан шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилиб, хусусан Самарқанд шаҳар ҳокимининг қарорисиз, вилоят архитектура-шаҳарсозлик кенгаши хулосасини расмийлаштирмасдан, вилоят давлат архитектура қурилиш назорат инспекциясидан рўйхатдан ўтказмасдан ва қурилиш-монтаж ишларини бошлашга рухсатнома олмасдан кўп қаватли турар жой биносини қураётганлиги аниқланган.
Самарқанд шаҳар, Даҳбед кўчасида жойлашган "Самарқанд банк коллежи"га тегишли спорт майдончасини ўзбошимчалик билан бузиб банк коллежи фойдаланишида бўлган, жами 5600 метр квадрат ер майдонини ноқонуний равишда эгаллаб олган.
Мазкур ноқонуний қурилишларнинг бир қисми ушбу ҳудудда жойлашган кўп қаватли турар-жой биносининг умумий фойдаланишдаги ер майдонида ноқонуний равишда, ўзбошимчалик билан шаҳарсозлик нормаларига зид равишда оралиқ масофа сақланмаган холда қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилган.
Самарқанд шаҳар, Даҳбед кўчаси, 14-“А” манзилда "Afrоsiyob Xosiyat Begim Makoni" масъулияти чекланган жамияти томонидан майдони 4471 метр квадрат бўлган 5 та тўққиз қаватли, мансартли, ертўласи икки қаватли турар-жой биноси ва майдони 1282,04 метр квадрат бўлган ертўласи, икки қаватли айвон биноси ҳамда майдони 3550 метр квадрат бўлган икки қаватли ертўла биноларида қурилиш ишлари бўлиб, ушбу бино ва иншоотлар давлат кадастри рўйхатига олинмаганлиги кўрсатилган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги Маданий мерос объектларини ҳимоя қилиш ва улардан фойдаланиш илмий ишлаб чиқариш бош бошқармасининг Самарқанд ва Жиззах вилоятлари бўйича минтақалараро давлат инспекциясининг маълумотномаларида Самарқанд шаҳрининг тарихий маркази 1982 йилда бошлаб музей қўриқхонаси деб эълон қилинганлигини, 2001 йилдан бошлаб ушбу ҳудуд "Самарқанд маданиятлар чорраҳаси" номинацияси билан ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш рўйхатига киритган объектининг “буфер зонасида” қурилаётганлиги ва ушбу қурилиш Афросиёб қалъасидан бошлаб, шаҳарнинг кўп жойларидан, ўзини баландлигини намойиш этиб, қўриқхона ҳудудига маълум даражада зарар етказилаётганлиги кўрсатиб ўтилган.
Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2018 йил 27 июлдаги ҳал қилув қарори билан даъвогарлар - Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ва Самарқанд шаҳар прокурорининг жавобгар "Afrоsiyob Xosiyat Begim Makoni" масъулияти чекланган жамиятига нисбатан ноқонуний қурилган қурилишларни бузиш, жавобгар ва бошқаларни ноқонуний эгаллаб олинган ер майдонидан чиқариш ҳамда ер майдонини давлат эгалигига қайтариш тўғрисидаги даъво талаблари қаноатлантирилган.
Яъни, Самарқанд шаҳар, Даҳбет кўчаси, 14-“А” манзилда қурилиш ишлари (кўп қаватли бино) жавобгар "Afrоsiyob Xosiyat Begim Makoni" масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан буздирилиши белгиланган.
Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2018 йил 27 июлдаги ҳал қилув қарори бугунги кунда қонуний кучда эканлиги маълум қилинади.
Б.НОРОВ,
фуқаролик ишлари бўйича вилоят
суди раиси в.б.