Самарқанднинг асосий истироҳат боғи замонавий қиёфа касб этяпти, бу ер кечаси ҳам ҳордиқ маскани бўлади
Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий номидаги марказий истироҳат боғида кенг кўламли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб бориляпти.
Вилоят ҳокими ташаббуси билан амалга оширилаётган лойиҳадан кўзланган асосий мақсад 23 гектар майдонни эгаллаган боғни тўлиқ реконструкция қилиш, уни замонавий талабларга мослаштириш ҳамда аҳоли учун янада қулай, хавфсиз ва жозибадор ҳордиқ масканига айлантиришдир.

Лойиҳа доирасида боғнинг кириш қисми тубдан янгиланмоқда. Хусусан, 1100 квадрат метр майдонни эгаллаган пештоқ қайта таъмирланиб, ҳудудга мутлақо янги қиёфа бағишланяпти. Шунингдек, янги пиёдалар йўлаклари барпо этилиб, 4850 квадрат метр майдонга замонавий плиткалар ётқизилмоқда. Дам олувчилар учун қўшимча 80 та ўриндиқ ҳамда 100 та энергия тежамкор тунги ёритиш чироқлари ўрнатилади.
Самарқанд шаҳар ободонлаштириш бошқармасининг истироҳат боғи бўйича мутахассиси Хуршид Равшановнинг таъкидлашича, лойиҳада яшил ҳудудларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилган. Шу мақсадда 1870 туп каталпа, павловния, қайрағоч, клён, япон сафораси каби манзарали дарахт ва буталар экилган. Бундан ташқари, касалланган 80 тупдан ортиқ можжевельник дарахти малакали мутахассислар томонидан парвариш қилиниб, қайта тикланган.

Қурилиш ишларини олиб бораётган «Самарқанд сифат строй сити» МЧЖ истироҳат боғига замонавий энергия тежамкор ёритиш тизими ўрнатмоқда. Бу нафақат боғнинг тунги кўринишини кўркам этади, балки ташриф буюрувчилар хавфсизлигини ҳам таъминлайди. Шунингдек, болалар ва катталар учун алоҳида бешта дам олиш ҳудуди ташкил этилиши режалаштирилган.
Мустақиллик кўчаси бўйлаб 1400 метр масофага энергия тежамкор ёритиш чироқлари ўрнатилади. Шу билан бирга, йўлакларнинг жами 45 минг погонометр қисмида плиткалар янгиланиб, 300 та соя-салқин жой барпо этилади ҳамда қарийб 100 та замонавий ўриндиқ ўрнатилади.

- Ҳозирда ҳар куни 150 метр йўлакка гранит плиткалар ётқизилмоқда, - дейди қурувчилар бригадаси бошлиғи Ғуломжон Қудратов. - Яқин кунларда яна 1,5 минг квадрат метр майдонда мазкур ишлар давом эттирилиб, қурилишга жалб қилинган ишчилар сони 24 нафарга етказилади.
Лойиҳада тадбиркорликни ривожлантиришга ҳам эътибор қаратилган. Боғ ҳудудида музқаймоқ, салқин ичимликлар, эсдалик совғалари ҳамда болалар учун турли маҳсулотлар сотиладиган махсус савдо нуқталари ташкил этилади.
Боғни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида юқори қувватли трансформатор ўрнатилмоқда, - дейди «Самарқанд сифат строй сити» МЧЖ иш бошқарувчиси Ғиёс Мамарасулов. - Шунингдек, барча зинапоялар 1200 квадрат метр мармар қоплама билан безатилади. Айни пайтгача 700 квадрат метр майдонда бу ишлар якунланди. Энг муҳими, қурилиш жараёнида боғдаги бирорта ҳам дарахт кесилмайди, уларнинг барчаси сақлаб қолинади.

Мутахассислар фикрича, боғнинг 7 гектар яшил ҳудуди ҳозирча қўл меҳнати билан суғорилаётгани сабабли сув сарфи юқори бўлмоқда. Шу боис ҳудудни томчилатиб суғориш тизимига ўтказиш, сув ресурсларидан тежамкор фойдаланиш, айниқса ёзнинг жазирама кунларида исрофгарчиликнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.
Қурилиш ва ободонлаштириш ишлари белгиланган муддатларда, юқори сифат талаблари ҳамда ҳудуднинг экологик мувозанатини сақлаган ҳолда амалга оширилмоқда. Лойиҳа тўлиқ якунлангач, Алишер Навоий номидаги истироҳат боғи нафақат кундузи, балки кечки пайтларда ҳам самарқандликлар ва шаҳар меҳмонлари учун ёруғ, хавфсиз ва замонавий ҳордиқ масканига айланади.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.