Самарқанднинг жажжи юлдузи

Пастдарғомлик Паризода Ражабова саккиз ёшга қадам қўйди. Рақсга тушиш маҳорати билан тенгдошларидан ажралиб турувчи бу жажжи қизалоқ яқинда вилоятимиз бўйлаб ўтказилган "Ёшлар фестивали"да фаол иштирок этди.
- Қизимнинг иқтидори 3 ёшидан намоён бўла бошлади, - дейди Марғуба Сафарова. – Мусиқани эшитса бас, дарҳол рақс тушишни бошларди. Шунда уни туманимиздаги 32-болалар мусиқа ва санъат мактабига олиб бордик. У ерда қизим хореограф Замира Мирзаеванинг эътиборига тушди, машғулотларда тўлиқ қатнашди ва туман, вилоят ва республика даражасидаги кўрик-танловларда иштирок этиб, ғолиб бўлди.
Жажжи Паризоданинг ютуқларини кўриб, иқтидор жой ва макон танламаслигига амин бўласиз. Эътиборлиси, у ўз иқтидори билан нафақат юртимизда, балки хорижда ҳам эътироф топишга улгурган. Хусусан, 2021 йилда у “Престиж” халқаро таълим портали томонидан ўтказилган танловнинг хореография йўналишида биринчи ўринни қўлга киритди.
— Қўшиқларга рақсни ўзим ўйлаб топаман, - дейди митти қаҳрамонимиз. – Катта бўлсам, хореограф бўлмоқчиман. Сурхонча, хоразмча, бухорача ўйинларни яхши кўраман. Испанча, ҳиндча ва озарбайжонча қўшиқларга ҳам рақс ўйлаб топганман. Қолган вақтимни китоб ўқишга, хорижий тилларни ўрганишга сарфлайман.
Ҳозир Паризода машғулотларни вилоят “Баркамол авлод” болалар марказида давом эттирмоқда. У ерда Паризода маҳоратли мураббийлардан рақс санъатининг сир-асрорларини ўрганиб, ақлан ва жисмонан чиниқмоқда. Ўйлаймизки, тез орада у бизни янада улканроқ ютуқлари билан хурсанд қилади.
Асқар Баротов.