СамДЧТИнинг журналистика йўналишига ўқишга кирувчи абитуриентлар касбий (ижодий) имтиҳондан ўтмоқда

Самарқанд давлат чет тиллар институтида 2025-2026 ўқув йили учун журналистика: халқаро журналистика таълим йўналиши учун касбий (ижодий) имтиҳон бошланди.
Дастлаб имтиҳон жараёнини Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси, “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари таҳририяти бош муҳаррири Ф.Тошев очиб берди ҳамда абитуриентларга омад тилади.
Ижодий имтиҳон Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети кафедра мудири, доцент Й.Зоҳидова раислигида олиб бориляпти. Синов ёзма (ижодий иншо) ва суҳбат тарзида ташкил этилади.
Имтиҳоннинг адолатли, шаффоф ўтказилиши учун Самарқанд давлат чет тиллар институти маъмурияти томонидан барча чора-тадбирлар кўрилган. Имтиҳон жараёни ижтимоий тармоқлар орқали жонли узатилмоқда. Бундан ташқари, институт ҳовлисида ўрнатилган катта монитор орқали ота-оналар фарзандларининг имтиҳон топшириш жараёнини кузатиш имкониятига эга бўлишди.
Журналистика: халқаро журналистика таълим йўналишига 140 нафар абитуриент ҳужжат топширган бўлиб, улар дастлаб ижодий имтиҳондан ўтади. Сўнгра иккинчи босқич, яъни тест синовларида қатнашади. Иккала имтиҳон натижалари тўпланиб, энг юқори балл олган 25 нафар абитуриент талабаликка қабул қилинади.