СамДТУ ходимлари томонидан Қўшработда аҳоли учун бепул тиббий кўрик ўтказилди
Самарқанд давлат тиббиёт университети ишчи гуруҳи томонидан жойларда тиббий кўриклар ўтказиб келинмоқда.
Жумладан, Қўшработ туманининг Жўш маҳалласида аҳоли СамДТУнинг малакали терапевт, хирург, гинеколог, онколог, невропатолог, лор, педиатр ва офтальмологлари томонидан текширувдан ўтказилиб, керакли кўрсатмалар берилди. Ташхис натижаларига кўра 12 нафар беморга СамДТУнинг Кўп тармоқли клиникаси ва Ихтисослашган болалар хирургик клиникаларига йўлланмалар берилди. Мазкур тиббий кўриклардан кўзланган яна бир мақсад имконияти чекланган аҳоли қатламига қулай тиббий хизматни тақдим қилиш, 4- ва 3-хавф гуруҳидаги беморлар билан доимий текширув ва даволанишларни йўлга қўйишдан иборат.
Шунингдек, Самарқанд давлат тиббиёт университети профессор-ўқитувчилари томонидан Қўшработ туман тиббиёт бирлашмасида ходимлар учун дарслар ташкил этилди. Жумладан, СамДТУ ДКТФ оториноларингология кафедраси ўқитувчилари томонидан маърузалар қилиниб, юзага келган саволларга атрофлича жавоблар берилди. Мазкур дарслар тизимли равишда давом эттирилиб, туман тиббиёт бирлашмаси ходимлари малакасини янада ошириш кўзда тутилмоқда.
Бундан ташқари Самарқанд давлат тиббиёт университети тиббий ходимлари иштирокида кўплаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилмоқд Шунингдек, туманда илк бор мураккаб травматологик жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Чап катта болдир суяги ташқи кондулисини бурчакли стабилловчи пластика ёрдамида остеосинтез қилиш амалиёти муваффақиятли тарзда бажарилди. Ушбу камёб амалиётнинг афзаллик томони шундаки, операциядан кейинги даврда беморга гипс боғламлари қўйилмайди ва кўплаб асоратларнинг олди олинади.