СамИСИда олий таълим тизимини рақамлаштириш масалалари ўрганилди
Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтида “Олий таълим тизимини рақамлаштириш ва олий таълим муассасаларининг рақобатбардошлигини ошириш” мавзусида халқаро семинар бўлиб ўтди.
Унда олий таълим муассасалари проректор, бўлим бошлиқлари, профессор-ўқитувчи ва докторантлари қатнашди.
Бугунги кунда мамлакатимизда давлат бошқаруви, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий хизматлар жадал рақамлаштирилмоқда. Яқинда қабул қилинган “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясига мувофиқ, мамлакатимизда рақамли таълимни интеграциялаш ва таълимнинг барча босқичларида рақамли кўникмаларни ривожлантиришга устувор аҳамият қаратиляпти.
- Халқаро семинар ўта долзарб бўлиб, Ўзбекистондаги олий таълим тизимини модернизациялаш борасидаги университетлар фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган, - деди институтнинг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Д.Асланова. - Барча фаолиятни рақамлаштириш орқали Ўзбекистон университетлари ўқитиш ва таълим тажрибаси яхшиланади.
Семинар иштирокчилари олий таълим муассасаларида кенг қўлланиладиган рақамли таълим воситалари ҳақида маълумотга эга бўлди. Шу жумладан, рақамли платформалар, иловалар ва амалий дастур пакетлари билан яқиндан танишди. Олий таълимнинг “рақамли ландшафт”и ҳақида тасаввур ҳосил қилиб, рақамли тенденциялар ва уларнинг олий таълим муассасалари фаолиятига таъсирини ўрганди.