СамИСИда онлайн халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди

Коронавирус эпидемиясининг дунё бўйлаб кенг тарқалиши жаҳон иқтисодиёти ривожланишига салбий таъсирини кўрсатмоқда. Табиийки, Ўзбекистон ҳам бу синовларни бошидан кечирмоқда. Глобал вабонинг салбий таъсири оқибатида кенг кўламли ислоҳотлардан самарага эришаётган ва юксалишга юз тутаётган миллий иқтисодиётимиз ҳам зиён кўриши кутилмоқда. Бундай шароитда молия-кредит муносабатларини янада ривожлантириш, мавжуд имконият ва ресурлардан оқилона фойдаланиш долзарб масалалар қаторига киради. Ушбу йўналишда мамлакатимизда ва халқаро даражада мутахасис-олимлар, амалиётчиларнинг фикр-мулоҳазалари, таклиф ва тавсияларини биргаликда муҳокама қилиш ҳамда асосли қарорлар қабул қилиш ўта аҳамиятлидир.

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтининг Молия кафедраси ташаббуси билан шу йилнинг 10-11 июнь кунлари онлайн орқали “Молия-кредит тизимини иқтисодиётнинг реал сектори билан ўзаро муносабатларини институционал ривожлантириш” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Унда айнан бугунги куннинг долзарб масалалари ўртага ташланди.
Халқаро конференцияда Марказий Осиё, Россия, Украина, Беларус, Саудия Арабистони ва бошқа мамлакатларнинг соҳа олимлари ҳамда халқаро банк-молия ташкилотларининг юздан ортиқ вакиллари иштирок этди.

Конференцияда Ўзбекистон Республикасини 2017-2021 йилларда ривожлантиришга қаратилган “Ҳаракатлар стратегияси”нинг ҳозирги глобал пандемиянинг салбий таъсири шароитида амалга оширилиши, хизмат кўрсатиш соҳасида кичик бизнес субъектлари билан молия-кредит тизими алоқаларини янада такомиллаштириш, коронавирус пандемияси шароитида халқаро ташкилотлар ва давлатнинг мақсадли молиявий ресурлари, кўрсатилаётган беғараз молиявий ёрдамларни тўғри ҳисобга олиш масалалари муҳокама этилди.

Конференцияда иштирокчилар ўзларининг 300 га яқин муаллифлик мақолалари билан қатнашди. Ушбу илмий аҳамиятга молик бўлган материаллар электрон тўплам шаклда чоп этиладиган бўлди.

Ҳасан МУСАЕВ,
профессор.
Баҳодир ҲУСАНОВ,
доцент.