СамВМИ Руминия университети билан ҳамкорлик меморандумини имзолади

Руминиянинг Клуж-Напока қишлоқ хўжалик фанлари ва ветеринария медицинаси университети профессори, доктор Ионика Анжела хоним Самарқанд ветеринария медицинаси институтининг фахрий меҳмони бўлди.

Ўзбекистон Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси вакиллари ҳамроҳлигида келган руминиялик меҳмон институтнинг лаборатория мутахассисларига молекуляр диагностикаси, паразитар касалликлар қўзғатувчиларининг диагностикасида замонавий усулларни қўллаш бўйича амалий машғулотлар ўтказишни кўзлаган. Шунингдек, СамВМИ ва Клуж-Напока қишлоқ хўжалиги фанлари ва ветеринария медицинаси университети ўртасида илмий, кадрлар алмашинуви, амалий лойиҳаларни бажариш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда институт талабалари учун  маърузалар ўқишни режалаштирган.

Учрашув давомида икки олийгоҳ ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Доктор Ионика Анжела хоним 26 октябрга қадар СамВМИ талабалари учун маъруза ўқийди. Лаборатория таҳлилларини олиб боришда наъмуна олиш ва сақлаш тартиби, ПЦР диагностикаси бўйича семинар-тренинг  ўтказади.

Олима жорий йилнинг 4 ноябригача мамлакатимизда бўлиб, Республика ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги маркази ҳамда чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари фаолиятини ҳам кўздан кечириши назарда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, Клуж-Напока шаҳри Руминиянинг шимолий-ғарбида жойлашган кичик тарихий шаҳарча. Аҳолиси асосан руминлар, венгерлар ва немис миллатига мансуб. Руминия олий таълим муассасалари орасида қишлоқ хўжалиги фанлари ва ветеринария медицинаси университети минтақадаги энг нуфузли олий ўқув юртларининг 100 талик рўйхатидан жой эгаллаган.

Гулчеҳра БЕРДИЁРОВА.