Санкт-Петербургда коронавирус билан касалланган беморлар даволанаётган касалхонада ёнғин содир бўлди

Коронавирус инфекцияси билан касалланган беморлар даволанаётган Санкт-Петербургдаги Авлиё Георгий касалхонасида ёнғин содир бўлди. Бунинг оқибатида ўпкани сунъий вентиляция қилиш (ЎСВҚ) ускунасига уланган 5 нафар бемор ҳалок бўлди, деб хабар бермоқда ТАСС.

Шу билан бирга, Петербург прокурори Павел Данилов, мутахассислар ҳозирча 5 нафар бемор ёнғин оқибатида ҳалок бўлганини аниқ айта олмасликларини таъкидлади.

Тиббий ходимларнинг бири берган маълумотга кўра, ҳалок бўлганларнинг барчаси ЎСВҚ ускунасига уланган бўлган ва уларнинг саломатлиги оғир баҳоланган.

Ёнғин касалхонанинг олтинчи қаватида содир бўлган. Олов 10 квадрат метр майдонни эгаллаган. Бинодан 150 киши эвакуация қилинган. Тахминий хулосаларга кўра, ёнғин ЎСВҚ ускуналарининг бирида қисқа туташув юз берганлиги туфайли содир бўлган. Бироқ ускуналарнинг барчаси янги бўлганлиги тўғрисида айтилмоқда.

Содир бўлган воқеа юзасидан прокуратура текширувларни бошлаган ва мазкур иш бўйича жиной иш қўзғатилган. Олиб борилаётган текширув ишларини Россия Бош прокуратураси ўз назоратига олган.

Санкт-Петербург етакчиси Александр Беглов ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига таъзия изҳор қилди ва уларга керакли ёрдам кўрсатишга ваъда берди.