Саноат ярмаркасида илк бор олтин буюмлари кўргазмага қўйилди
Хабар қилганимиздек, 30-31 май кунлари Жомбой туманидаги “Sof Expo Samarkand” кўргазмалар мажмуасида ҳудудий тармоқлараро саноат ярмаркаси ва Самарқанд саноатчилари форуми ўтказилди.
Кўргазмада 300 дан ортиқ маҳаллий ишлаб чиқарувчилар 1700 дан ортиқ маҳсулот турлари ва ёшларнинг стартап лойиҳалари, илмий ишланмалар намойишлари ҳам ташкил қилинган.
Кўргазма туризм, электротехника, автомобилсозлик, қурилиш материаллари, чарм-поабзал саноати, мебелсозлик, озиқ-овқат саноати, гилам маҳсулотлари ва бошқа йўналишларда фаолият юритувчи корхоналар ўз маҳсулотлари билан иштирок этди. Ярмарка давомида ўзаро манфаатли шартномалар имзолаш, хорижий ва маҳаллий инвесторлар билан ҳамкорлик келишувлари тузиш, 2022 йил якуни бўйича “Энг йирик саноат лойиҳаси”, “Маҳаллийлаштириш дастурининг энг фаол корхонаси”, “Энг намунали экспортёр” каби турли номинациялар ҳам ташкил этилди.
Кўргазмада доирасида “Ургут” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси тадбиркорликни кенгайтириш учун янги ҳудудлардаги ер майдонлари бўйича ахборотлар, божхона бошқармаси импорт қилинаётган ва маҳаллийлаштириш имкони бўлган маҳсулот, хомашё ва материаллар рўйхати ва намуналарини намойиш этишди. “Самарқандгеология” давлат унитар корхонаси вилоятимиздаги минерал ресурслар захиралари, улардан қурилиш ва бошқа соҳаларда фойдаланиш имкониятларини намойиш қилишди. Вилоят инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси янги инвеститсион лойиҳалар таклифлари билан тушунтиришлар берди.
Бу галги кўргазмада йирик ва янги ташкил этилган, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳам ўз маҳсулотларини намойиш этди.
Ярмарка маҳсулотлари билан танишиш учун маҳаллий ҳокимликлар ва сектор вакиллари, тадбиркорликка масъул раҳбар ва ходимлар, шунингдек, вилоятимиз ва қўшни вилоятларнинг маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари ҳам келди. Форумда “Ўзавтосаноат” ва “Ўзелтехсаноат” корхоналари маҳаллийлаштиришга қаратилган импорт ўрнини босадиган маҳсулотлари билан маҳаллий тадбиркорларни саноат кооперацияси асосида ҳамкорликка таклиф этди. Шунингдек, саноатчилар форумида вилоятимиз ва мамлакатимиз саноати учун долзарб масалалар муҳокамалари учун панель сессиялари ҳам ўтказилди.
Ушбу кўргазма йирик корхоналар ва катта лойиҳаларнинг жалб этилгани билан аҳамиятли бўлди. Шунингдек, кўргазма доирасида илк бор олтиндан тайёрланган буюмлар намойиши ҳам ўтказилди.
- Ўзбекистон заргарлик саноатини ривожлантириш учун катта имкониятга эга, бунинг учун Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорлари қабул қилинди, соҳа ривожи учун енгилликлар яратилди, - дейди “СТ ТИЛЛО КОРИ” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Далер Шодиқулов. - Ўзбекистон олтинини биржа орқали харид қилишда ҳам ҳеч қандай чекловлар йўқ. Шу боис 2018 йилда корхона ташкил қилиб, заргарлик буюмлари, тилла тақинчоқлар, Регистон майдонининг кичик нусхаларини яратишни бошладик. 2022 йилда Ҳиндистондан 6 нафар уста заргарни жалб қилиб, 2 нафар шогирд бириктирдик. Улар тўлиқ қўл меҳнати билан 585 ва 916 пробали бежирим тилла тақинчоқлар ясашмоқда. Ўзбекистоннинг пахта, ғалласи, боғ ва мевалари тасвири туширилган тилла тақинчоғимиз шу ойда Тошкент шаҳрида ўтказилган заргарлик кўргазмасида заргарларнинг эътирофига сазовор бўлди. Кўргазмада иштирок этган Дубайдаги ҳамкорларимиз ҳам ўзбек заргарлари ва корхонамиз маҳсулотларини юқори баҳолашди.
Ҳозирда заргарлик буюмларини Туркия ва АҚШга экспорт қиляпмиз, яқинда эса Германияга ҳам сотиш бошланади. Кейинги йилдан адрас, атлас нусхада тилла тақинчоқлар ясашни йўлга қўймоқчимиз.
Шунингдек, кўргазмада миллий каштачилик, зардўзлик, сопол буюмлар, чолғу асбоблари, қўл меҳнати намуналари ҳам намойиш этилди.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ,
Алишер ИСРОИЛОВ олган суратлар.