Саноатда янги босқич олдидан: Адиз Бобоев лойиҳалар ҳолатини ўрганди

Вилояти ҳокимига вилоятдаги кичик саноат зоналари ҳамда ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналарида амалга оширилаётган лойиҳалар ҳолати ва уларнинг самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар бўйича тақдимот қилинди.

Ҳозирги кунда вилоятдаги кичик саноат зоналари умумий ер майдони 274,2 гектар бўлиб, уларда 332 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Шундан 174 та лойиҳа ишга туширилган ва бу жараёнда 3488 та янги иш ўрни яратилган. Шу билан бирга, 23 та лойиҳа кам қувватда ишламоқда.

Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари учун эса 43,1 гектар майдон ажратилган бўлиб, бу ҳудудларда 168 та лойиҳа жойлаштирилган.

Тақдимотда саноат зоналарида инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши, ер майдонларидан унумли фойдаланиш, ижара тўловларини ўз вақтида ундириш, ҳудудларда зарур инфратузилмани шакллантириш каби масалалар таҳлил қилинди. Шунингдек, самарасиз фаолият юритаётган зоналар мақомини бекор қилиш бўйича таклифлар билдирилди.

Тақдимот доирасида Каттақўрғон туманидаги кичик саноат зоналарининг фаолияти ҳам кўриб чиқилди. Туманнинг “Каттаминг”, “Пахта тозалаш заводи”, “Нисбот”, “Алижон”, “Кумушкент”, “Саройқурғон” ва “Яккабоғ” ҳудудларида жами 11,8 гектар ер майдони ажратилган бўлиб, бу ерларда 13 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши режалаштирилган.

Вилоят ҳокими Адиз Бобоев мавжуд ҳолат ва имкониятлар билан танишиб, саноат зоналарига тадбиркорларни кенг жалб қилиш учун уларнинг жозибадорлигини ошириш, инфратузилмани яхшилаш ва ишбилармонлар учун қулай шароитлар яратиш лозимлиги юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берди.

Бу ишларнинг амалга оширилиши вилоят раҳбарининг назоратида бўлиши таъкидланди.