Сарғайган суратлар

Кутубхонамдаги эски китобни кўздан кечираётганимда тасодифан унинг орасидан раҳматли акам иккаламиз ўша давр удумига кўра тўн кийиб тушган суратимизни топиб олдим. Отам раҳматлик сурат олинган кунни расм орқасига ёзиб қўйган экан: 1961 йил 2 май. Улус қишлоғи.

Отам ўша пайтлари шу қишлоқдаги мактаб директори бўлиб ишлар, баъзан байрам кунлари, айрим пайтлари мактаб ўқитувчисию ўқувчиларини суратга тушириш учун Каттақўрғон шаҳридан таниши бўлган яҳудий сураткашни чақиртириб турарди. Бу суратни ҳам уйимизда шу киши олгани аниқ. Орадан олтмиш тўрт йил вақт ўтибди. Бу суратга тикилиб, нималарни эсламадим, дейсиз. Биринчи синфни шу қишлоқ мактабида битирганимни, уйимиз орқасидаги қирларда акам иккаламиз қўй боққанимиз, мактабда ўқитувчи бўлган, лекин жуда ёшлигимизда вафот этиб кетган онамни, бизларни бағрида ардоқлаб ўстирган, ўзи саводсиз бўлса-да, лекин доим ўқиш кераклигини қулоғимга қуйган катта онамни, яна қанча-қанча одамлару воқеаларни ёдимга солди бу сурат. Шунда бир нарсага амин бўлдимки, инсон умрининг қандайдир лаҳзаси акс эттирилган ҳар бир сурат вақти келиб, инсон хотирасидан ўчиб кетаётган воқеаларни, азиз чеҳраларни жонлантиришга қодир экан...

Бир куни ишдан қайтаётиб, чиқинди ташланадиган жойга кичик қутига солинган қоғоз ва суратларни ирғитаётган болага кўзим тушди. Аввалига хаёлларим билан бўлиб, унча эътибор бермагандим. Лекин шу пайт эсиб турган шамол уларни ҳар томонга сочиб юборди. Оёқ остида тўзғиб ётган, йиллар ўтиши билан сарғайиб кетган суратлар, дафтар варақларига кўзим тушгач, беихтиёр энгашиб, бир нечтасини йиғиштириб олдим. Булар турли вақтларда туширилган, ёшлари ҳар хил одамларнинг суратлари эди. Уларга қарар эканман, негадир юрагим увишиб кетди. Кўпи 1940-1950-йилларнинг суратхоналарида олинган.... Орадан 70-80 йилдан зиёд вақт ўтибди. Бу одамларнинг кўпчилиги энди йўқ. Улар ким бўлишмасин, вақти келиб, қайси бир авлоди бефарқлик билан ёки аниқроғи, бефаросатлик билан бобою бувиси ёки амаки, тоға-аммаси — хуллас яқин кишиларининг хотирасини топташи мумкинлигини тасаввур қилишганмикан?

Одатда ҳеч бир киши ёмон кунида суратга тушишни хаёлига келтирмайди. Яқин қариндошлар ёки ёру биродарлар суратга тушаётганида “Яхши дамлардан эсдалик-да”, дейишади. Демак, инсонларнинг хушнуд дамларидан қолган. Вақт ўтиши билан инсон қалбидаги хотираларни қўзғовчи бир акс-садога айланган. Йиллар кечган сайин бу садони тез-тез тинглагинг келади. Чунки инсон табиати шу — нимани йўқотса, шуни кўпроқ қўмсайди...

Лекин чиқиндихонага аждодларидан қолган хотиранинг бир бўлагини улоқтираётган йигит буни тушунармикан? Йўқ, ҳали тушунмайди, эҳтимол ота-онасидан бу ҳақда ҳеч нарса эшитмаган.

Бир воқеани эслайман. Ўша пайтлар 26-27 ёшларда эдим. Маъракада танишим билан учрашиб қолдим. Иккаламиз бирга қайтдик. Йўлда кўп вақтдан буён акаси тушларига кириб чиқишини, лекин урушда, 22 ёшида ҳалок бўлган оғасидан нафақат зурриёт, ҳатто бир дона сурат ҳам қолмаганлигини афсусланиб сўзлаб берди: “Ҳеч бўлмаса, суратига қараб, болаларим амакисини эслаб юришарди”. Бу гапларни у чуқур армон билан айтди. Шу топда акасининг бир дона сурати топилса, унинг юрагини ўртаб юрган айрилиқ азоби оз бўлса-да, чекиниши аниқ эди. Афсуски, бу армон унинг ҳам кўксида кетди...

Сарғайган суратларнинг турли ноўрин жойларда ётганини кўрганимда, хафа бўлиб кетаман. Оилавий фотоальбомларда авайлаб сақланиши, набиралар, эвара, чевараларга аждодларидан ҳикоялар сўзловчи, хотираларини жонлантириб турувчи сарғайган суратларни кўчага, чиқиндихоналарга улоқтираётган одамларнинг ўз авлоди тарихининг бир қисмини тамоман ўчираётганига ақли етармикан, деб ўйлаб қоламан.

Музаффар МУҚИМОВ.

***

Ушбу мулоҳазали мақола муаллифи бугун 70 ёшини қаршилмоқда.

Музаффар Муқимов 1955 йилда Каттақўрғон туманида таваллуд топган.

Самарқанд давлат университети рус филологияси факультетига ўқишга кириб, сўнгра таҳсилни Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург) давлат журналистика факультетида давом эттирди.

Илк меҳнат фаолиятини «Ленин йўли» газетасида мусаҳҳиҳликдан бошлаган. Таҳририятда мухбирлик, тарғибот бўлимида муҳаррир, бўлим мудири, масъул котиблик каби энг машаққатли жараёнларни муваффақият билан ўтаган.

1989 йилда Самарқанд вилоят партия қўмитасида инструктор бўлиб ишлаб, бир йилдан сўнг яна қадрдон «Зарафшон» газетасига ишга келиб, бош муҳаррир ўринбосари бўлиб ишлади.

1992 йилда «Халқ сўзи» газетасининг Самарқанд вилояти бўйича мухбири вазифасида фаолият юритди, 1998 йилнинг бошида «Зарафшон» газетасига бош муҳаррир этиб тайинланди. Сўнгра республика радиосида ҳам маҳорат билан ишлади.

М.Муқимов бугунги кунда СамДУ тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси ҳудудий музейи директори вазифасида фаолият кўрсатиб келмоқда.