Савдо-саноат палатаси, “Ҳунармандлар” уюшмаси ва барча ишлаб чиқариш корхоналари эгалари диққатига!

“Менга моддий ёрдам эмас, иш керак!”

Ҳали уч кун ишлаб-ишламаёқ Кореядаги йирик ишлаб чиқариш заводларидан биридаги гўштқиймалигичдай йирик ускуна ичида қолиб кетган инсоннинг тирик қолишининг ўзи мўъжиза эди. Ҳа, нафақат атрофдагилар, балки корхона эгалари ҳам бу ускунадан соғ чиққан одамни кўрганида мўъжизага дуч келгандай ҳайратландилар. Фақат бу ҳодисанинг қайғули томони, Ботир унинг ичида оёқларини ташлаб чиққанди.

Куч-ғайратга тўлган, айни оиламни боқаман, фарзандларимни оёққа турғазаман,  уй-жой қилиб молиявий аҳволимни ўнглаб оламан, деган пайтда, эндигина 28 ни тўлдирган йигит учун бу кутилмаган зарба эди. Зарбаки, нафақат ўй-хаёлларини, балки ҳаётини ҳам остин-устун қилиб юборган бурилиш эди. Орзулар қанотида, катта режалар билан Кореяга ишлаш учун кетган Ботир ака ушбу давлатдан оғир хаёлларда, ногиронлик аравачасида қайтди.

Оиласи учун ҳам бу зарба ҳаётнинг кутилмаган синови эди. Аммо воқеадан хабардор бўлган ҳар бир киши борки, унинг тирик қолганидан шукрона келтирди, ҳаётдан насибаси узилмаган экан, деб хулоса чиқарди. Демак, бу ҳам тақдирнинг, Яратганнинг бир мўъжизаси, инсон деб аталмиш зотга аталган сири ва бу сирни англаш учун берилган имкониятидир, эҳтимол. Ҳарҳолда Ботир ака ҳаётнинг синовини шундай қабул қилди. Шунинг учун бўлса керак, ўз юртига қайтиб келганидан сўнг ҳам ўзини йўқотиб қўймади. Ишлаб чиқаришдаги бахтсизлик учун кореялик завод эгалари томонидан тўланган товон пули бу ердан уй-жой, шарт-шароит қилиб олиши учун етарли эди. Аввало яқинлари ёрдамида шу ишлар билан шуғулланди. Молиявий аҳволи бир мунча тикланди, аммо бу маблағ хазина эмаски, бир умр ишлатиб ётсанг. Табиийки, яшашнинг шарти меҳнат ва шу орқали инсоннинг ҳаётида мазмун ва энг муҳими, кун кечириш учун шароит яратилади. Ботир акада шу аҳволида меҳнат танлови учун имкон мавжуд эмасди. У Самарқанд шаҳридаги “Сино” заводида касаначи уста сифатида иш бошлади. Заводдан унга музлаткичнинг турли қисмларини келтириб беришар, у эса қисмларни, симларини улаб, маҳсулотнинг маълум бир қисмини тайёр ҳолга келтириб берарди. Кейинчалик “Эл-Холдинг” корхонасида ҳам шундай, касаначи сифатида ишлади. 15 йил мобайнида ишлаб келган Ботир ака яқин йилларда бу корхоналардаги иш ўринлари қисқариши сабабли ишидан айрилди. Иш ҳажми кескин қисқаргани туфайли корхонанинг ўзида ишловчи ишчилар сони ҳам камайганди.  Мана, ишсиз қолганидан бери, Самарқанд шаҳридаги Тожмаҳал маҳалласи, Али Қушчи кўчасида истиқомат қилувчи Ботир Усмонов бир нечта ташкилотларга иш сўраб мурожаат қилди. Унга вилоят бандлик бошқармаси Самарқанд шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан қуйидагича жавоб хати келган:

“Фуқаро Б.Усмонов бугунги кунда соғлиги бўйича 1-гуруҳ ногирони бўлиб, тиббий-меҳнат экспертизаси комиссиясининг (ТМЭК) хулосасига асосан меҳнатга лаёқатсизлиги, ўзгалар парваришига муҳтожлиги кўрсатилган. Унга Ўзбекистон Республикаси “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси меҳнат вазирлиги томонидан тасдиқланган, Адлия вазирлиги томонидан 2012 йил 831-2 сон билан рўйхат рақами билан ўзгартириш киритилган “Меҳнат бўлимларида фуқароларни рўйхатга олиш, уларни ишга жойлаштириш, ишсизлик нафақасини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомга асосан ишсиз деб эътироф этилмаслиги ҳамда марказ томонидан иш билан таъминланмаслиги  тўғрисида тушунтириш берилди”.

-  Тўғри, мен аравачада ҳаракатланаман, тўлақонли яшаш тарзига эга эмасдирман, аммо қўлларим бутунку, - дейди Ботир Усмонов биз билан суҳбатда. – Менга иш фақатгина моддий манфаатдорлик учунгина эмас, балки ўзимни тўлақонли одамдай ҳис қилиб яшашим, ҳаётимнинг ўзагини йўқотиб қўймаслигим, оилада ўзимни оила бошлиғи, қолаверса эркакдай ҳис қилишим учун керак, ахир! Турмуш ўртоғим, фарзандим ишлайди, оила бошлиғи сифатида бекорчи бўлишдан уяламан, тўғриси.

Эҳтимол, ишсизлик муаммоси жамиятимизнинг оғриқли нуқталаридан бири бўлиб турган, ҳатто соғлом одам ҳам иш топиши қийин паллада Ботир акага ўхшаган инсонларни иш билан таъминлаш, уларга қўшимча шарт-шароитлар яратиш масаласи янаям каттароқ муаммодир. Аммо...

 Ўйлайманки, Ботир аканинг ҳаракатчанлигини кўрган соғлом, аммо иш топишда қийналаяпман, деб ўйлайдиган ҳар қандай инсон бу фикрининг нотўғри эканлигини тан олган бўларди.

Гарчи у яшайдиган кўп қаватли уйларда ногиронлик  аравачаси ҳаракатланиши учун шароит бўлмаса-да, ҳар куни учини қаватдан ўзи тушиб, тоза ҳавода сайр қиладиган, қўлидан келса, одамлардан ёрдамини аямайдиган Ботир аканинг матонатига қўни-қўшнилари-да ҳайратланиб қарайди.

P/S. Қонунлар, қоидалар ва жамиятдаги бошқа ҳужжатлар туфайли Ботир Усмонов расман иш топиши учун имкониятга эга эмасдир. Аммо Самарқандда ишнинг қадрини биладиган, вазифасини виждонан уддалайдиган, қўлидан устачиликнинг баъзи шакллари келадиган ишчи хизматига муҳтож тадбиркорлар, ишлаб чиқариш корхоналари борлигига ишонамиз! Агар шундай бўлса телеграм каналимиз бот манзилига ёзинг, “Зарафшон” газетасининг (66) 233-91-51 рақамига қўнғироқ қилиб, фикрингизни билдиринг. Ушбу таклифингиз бир инсоннинг ҳаётда яшаши учун нечоғлик аҳамиятли ва  ҳаракатингиз хайрли эканлигини эслатиб ўтмоқчимиз.

 Гулруҳ МЎМИНОВА.