Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси ходимлари фаолиятида ҳали ҳам эскича қарашлар мавжуд

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, бугун вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов савдо-саноат палатаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармасининг тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлар мурожаатлари билан ишлаш, қолаверса, ўз вазифаларини бажаришда йўл қўйилаётган хато ва камчиликларни кўрсатиб ўтди.

Таъкидландики, кейинги йилларда тадбиркорликни ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш ва бизнесни юритиш учун қулай муҳит яратиш, тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлаш соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шунга қарамасдан, Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси ходимлари фаолиятида ҳали ҳам эскича қарашлар мавжуд.

Аҳолини тадбиркорлик фаолиятига кенг ва фаол жалб этишга тўсқинлик қилувчи омилларни бартараф этиш, биринчи навбатда, давлат органларининг тадбиркорлар билан мулоқот қилиши учун амалий ва шаффоф тизимни яратиш борасидаги ишларни жадаллаштириш зарур.

Ҳоким бошқарманинг ҳар бир таркибий бўлинма раҳбарларининг амалга ошираётган ишлари ҳақидаги ҳисоботини эшитда ва зарурий кўрсатмалар берди.

Учрашувда Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Ш.Юлдашев бошқарманинг қарийб 70 фоиз ходими асосий иши қолиб, аъзолик бадалларини йиғиш билан банд эканлигига тўхталди.

Э.Турдимов учрашув якунида бошқарма мутасаддиларига ишбилармонларнинг ишончини қозонган ҳолда фаолият юритиш, ривожланган давлатлардаги палаталар фаолиятини ўрганиб бориш, тадбиркорлар мурожаатлари билан ишлашга жиддий аҳамият қаратиш юзасидан кўрсатма ва тавсиялар берди.