1 февралдан бошлаб микро, кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари Савдо-саноат палатаси аъзолигига аъзолик ва кириш бадалларидан озод қилинган ҳолда, текин қабул қилинади

Бу давлат раҳбарининг 23 январь куни қабул қилинган “Савдо-саноат палатаси фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида  белгиланди.

Қарорга кўра, тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказувчи орган томонидан давлат рўйхатидан ўтган тадбиркорлик субъектлари тўғрисидаги маълумотлар аъзо сифатида рўйхатга қўйиш учун Палатага электрон тизим орқали юборилади.

Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондлари ҳисобидан Палатанинг асосланган ҳисоб-китобларига мувофиқ, мос равишда Палата ва унинг ҳудудий бўлинмаларига давлат субсидиясини ажратиш тизими жорий этилади.

Палата ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан давлат субсидиясининг сарфланиши бўйича ҳар йили тегишинча Жамоат фонди ҳамда ҳудудий жамоат фондларига ҳисобот бериб борилади.

Палата тадбиркорлик субъектларининг манфаатларида Ўзбекистон Республикаси судларига тақдим этадиган ариза, даъволар ҳамда апелляция ва кассация шикоятлари бўйича давлат божи тўловларидан озод этилади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида халқаро грант лойиҳаларини амалга оширишда Палатага миллий ҳамкор бириктириш талаби қўлланилмайди.

Давлат органлари ва идоралар томонидан тадбиркорликка оид барча ташқи беғараз кўмак лойиҳаларини амалга оширишда Палата лойиҳа ҳамкори сифатида жалб қилинади.