Она тили учун жон куйдирмаслик – ўз онасини унутиш билан тенг
Саводхонлик тушунчаси дунё давлатларида турлича белгиланади. ЮНEСКОнинг 1958 йил Парижда бўлиб ўтган 10-сессиясида барча мамлакатларда саводлилик тушунчасини бир хиллаштириш мақсадида ёзувни тушуниб ўқий оладиган ва ўзининг кундалик ҳаётини ёзма равишда имловий хатоларсиз баён қиладиган кишиларни саводли ҳисоблашга келишилган.
Илм-фан ривожланаётган, ахборот технологиялари такомиллашиб, инсон тафаккурининг имконияти юксалиб бораётган айни кунларда ўз ечимини кутаётган масалалар ҳам талайгина. Кўча ёзувлари, эълонлар ва пешлавҳаларда йўл қўйилаётган хатолар шундай муаммоларнинг биридир.
Ҳозирги кунда имловий, услубий хатолар билан ёзилган турли мазмундаги эълон ва рекламаларни ҳар қадамда учратиш мумкин. Масалан, дўконлардаги “Ҳаридингиз учун рахмат!” деган ёзувга деярли эътибор бермай ўтиб кетамиз. Ёки эълондаги “Боқ сатилади” сўзларини ўқир экансиз, дастлаб гап нима ҳақда кетаётганлигини англаб олишга ҳам қийналасиз. Анча мулоҳаза қилиб, бу “жумбоқ”нинг, яъни боғнинг сотилишини англаб етганингиздан сўнг кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмай қоласиз. Овқатланиш шохобчаларидаги пешлавҳаларда ҳам “маззали нон, шурбо, самса, хоним" каби ёзувларга ўрганиб қолдик. Давлат тасарруфидаги марказий шифохоналардан бирида “Хафсизлик ҳизмати” дея катта-катта ҳарфлар билан ёзиб қўйилганига изоҳ тополмадим.
Бир қарашда бу камчиликлар аҳамиятсиздек туюлади, ҳатто ўқимишли, зиёли инсонлар ҳам бунга кўникиб қолаётгандек гўё.
Ушбу муаммонинг иккинчи томонида ўсиб келаётган ёш авлоднинг саводи масаласи турганини англамаяпмиз. Ёрилмаган яранинг вақт ўтиб азоб беришини 2000 йилларнинг бошларида Шимолий Кореяда аҳоли мана шу рекламалардаги хатоликлар туфайли ёппасига саводсизликка юз тутгани билан изоҳласак ўринли бўлади.
Нафақат пештахталардаги ёзувларда, балки бадиий адабиётлар, газета ва журналлар, ижтимоий тармоқда ҳам бундай камчиликларнинг учраши одамнинг таъбини хира қилади. Атоқли ёзувчиларимизнинг кирилл алифбосида ёзилган асарларини лотин графикасида чоп этишда ҳам жуда кўп имловий хатоликлар борлиги бунга яна бир далилдир.
Дунёни ҳар ким ўз қаричи билан ўлчайди, деганларидек, "бундан ҳам муҳим муаммолар бор"лигини таъкидлаётганлар бу масаланинг нечоғли долзарб эканлигини чуқур ўйлаб кўрсалар, фойдадан холи бўлмасди.
Адиб Ўткир Ҳошимов ёзганидек, она тили учун жон куйдирмаслик – ўз онасини унутиш билан тенгдир.
Дилдора ШEРМАТОВА,
Ўзбекистон-Финляндия педагогика институти қошидаги лицей ўқитувчиси.