Сайловга муддат оз қолди, биз тайёрмизми?
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши мажлислар залида фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи республика комиссия раиси ўринбосари С.Артикова раҳбарлигида видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2019 йил 15 февралдаги “Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Қарорида белгиланган вазифалар ижросига бағишланди.
Унда республикамизнинг барча вилоятларида сайловга тайёргарлик жараёнларининг бориши эшитилди.
Самарқандда бу жараённинг бориши тўғрисида вилоят кўмаклашувчи комиссия раиси Н.Раббимова маълумот берди.
Жумладан, бугун вилоятда 1094 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд бўлиб, уларда 3792476 нафар аҳоли истиқомат қилади. 18 ёшдан ошган сайловчилар 2435931 нафарни ташкил этиб, улар орасидан 294186 вакиллар сайлаб олинди. 1094 та маҳалла фуқаролар йиғинларида сайловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича Ишчи гуруҳлар самарали фаолият юритишлари учун барча зарур чоралар кўрилмоқда.
Уларни концелярия моллари билан таъминлаш мақсадида вилоят молия бошқармаси томонидан 450 млн.сўм пул маблағи туман (шаҳар) ҳокимликларининг ҳисоб рақамларига ўтказиб берилди ва канцелярия моллари ва бошқа зарур жиҳозлар билан таъминланди.
Самарқанд шаҳридаги аҳоли ташувчи автобус, трамвайларда ҳам аҳоли фаоллигини ошириш мақсадида “Май ойида бўлиб ўтадиган сайловда муносиб маҳалла раисини сайлашда фаол бўлайлик!” деган чақириқлар ташкил этилди. Шаҳардаги Беруний, Мирзо Улуғбек, Ибн Сино, Рудакий кўчаларининг аҳоли гавжум жойларига сайловга оид чақирувлар ёзилган баннерлар илинди. Бундай ишлар туман (шаҳар)ларда ҳам амалга оширилди.
Сайлов ўтадиган объектларда ободонлаштириш ишлари ташкил этилиб, жамоат хавфсизлиги, ёнғин хавфсизлиги ва йўл ҳаракати хавфсизлиги таъминлаш, тез ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилмоқда.
Шунингдек, сайловчилар учун сайлов ўтадиган манзилларда маданий дастурлар ўтказилиши режалаштирилган.
Вилоят бўйича фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови ўтказиладиган 1094 та манзил ва объектлар белгилаб олинди ва уларнинг рўйхати шакллантирилди.
Жумладан: 783 таси умумтаълим мактабларида, 106 таси касб-ҳунар коллежлари биносида, 169 таси МФЙ биносида ва бошқа жойларда ўтказилиши белгиланди.
Сайлов ўтадиган манзилларда 4 тадан 8 тагача сайлов кабиналари, овоз бериш қутилари ташкил этилди.
Вилоят кўмаклашувчи комиссия аъзолари, Адлия бўлимлари ходимлари, депутатлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида жорий йилнинг 25 март кунидан 25 апрель кунига қадар вилоятдаги барча маҳалла фуқаролар йиғинларида тушунтириш тарғибот тадбирлари ташкил этилган ҳолда, вилоят телевиденияси билан ҳамкорликда сайловни ташкил этиш бўйича намунали 7 дақиқалик видео ролик ишлаб чиқилиб, ушбу видео ролик тарғибот тадбирларида ҳамда вилоят телерадиокомпанияси, радио орқали эфирга узатилмоқда.
Вакилларнинг сайловда фаол иштирок этишини таъминлаш мақсадида “Фуқаролар йиғини раиси оқсоқоли) сайловида фаол иштирок этиш – жамиятнинг ривожланиш гаровидир” мавзусида тарқатма материаллар тайёрланди ва туман шаҳар кўмаклашувчи комиссияларга етказилди.
Сайлов бўйича ташкил этилган ва ўтказилган тадбирлар оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар орқали кенг ёритиб борилмоқда.
Хусусан, “Зарафшон” газетасида “Маҳалла раиси сайлови – 2019” рукни ташкил этилиб, фуқарорлар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови билан боғлиқ материаллар доимий берилмоқда.
Вилоят, туман (шаҳар) кўмаклашувчи комиссиялари ҳамда маҳаллаларда фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича Ишчи гуруҳлари учун Телеграмм мессенджеридаги “SAYLOV-2019 SAMARQAND” https://t.me/saylov2019samarqand йўлга қўйилди. Ушбу телеграмм мессенджерига вилоят, туман (шаҳар) кўмаклашувчи комиссиялари ҳамда маҳаллаларда ташкил этилган Ишчи гуруҳлари аъзолари гуруҳга қўйилди. Бугунги кунда Ишчи гуруҳ аъзолари ҳамда фуқароларни қизиқтираётган саволларга телеграмм мессенджери орқали жавоб берилмоқда.
Бундан ташқари, вилоят кенгашининг WWW.SAMMAHALLA.UZ сайтида рукн яратилган ҳолда сайлов жараёнлари ёритиб борилмоқда. Вилоят Матбуот уйида оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида 3 марта брифинг ўтказилди.
Вилоят маҳаллалар кенгаши масъул ходимларининг вилоят телевидениесида “Очиқ мулоқот” кўрсатувида иштирок этилиб, телетомашабинлардан фуқаролар йиғини сайлови бўйича тушган саволларга жавоблар берилди.
Ҳусан ЭЛТОЕВ.