Сайёҳлар оқими кўпаймоқда. Бунга тайёрмизми?

Аммо ҳозирги муносабат, сайёҳларга яратилган шароитлар, уларга тақдим этилаётган хизматлар билан туризмни ривожлантира оламизми? Умуман, асосий сайёҳлар кириб борадиган жойларда меҳмонлар истагини ўрганиб, шунга мослашиш чоралари кўриляптими?

Сайёҳ машинасини қаерга қўяди?

Шу йилнинг ўтган уч ойи давомида биргина Регистон мажмуасига келувчилар сони салкам 170 минг нафарга етди. Ўтган йилнинг шу даврида улар сони 37 минг 400 эди. Имом Бухорий мажмуасига келувчилар эса қарийб 150 мингга кўпайган. Сайёҳлар сони тўрт ярим бараварга ошган экан, автотураргоҳдаги машиналар сиғими ҳам ҳеч бўлмаса икки бараварга оширилиши керак эди-ку?!

Хизматлар, хизматлар…

Агар сиз Хитойдаги Буюк Хитой деворига чиқсангиз, кўп ўтмай сизга худди шу обида устидаги суратингиз туширилган бирор буюм, эсдалик суратингизни таклиф этишади. Қачон туширганини билмайсиз-у, қўлингизда Хитойдан ажойиб эсдалик: қандай қилиб сотиб олмайсиз? Ёки Истанбулдаги машҳур Султон Аҳмад масжиди ёнида бўлсангиз, бир неча тиллар, хусусан, ўзбек тилидаги таржимаси билан овозли китобларга кўзингиз тушади.
Хўш, биз сайёҳларга тарихий биноларимизни кўрсатиш билан бирга, қандай қўшимча хизмат таклиф этамиз? 

Зиёратчилар қаерда ўтирсин?

Тарихий обидаларнинг аксариятида ўриндиқлар сони камлиги ҳам кўзга ташланмоқда. Биргина Шоҳи Зинда зиёратгоҳига дам олиш кунлари 10 мингдан ортиқ киши ташриф буюради. Ўриндиқлар сони эса бармоқ билан санарли. Бундай ҳолат Амир Темур мақбарасида ҳам кузатилмоқда. Регистон мажмуасидан Шоҳи Зинда зиёратгоҳига Ислом Каримов кўчаси орқали пиёда ўтаркансиз, ҳар бир дарахт соясидаги яшил майсазорда 4-5 киши ўтирганига гувоҳ бўласиз.  

Тарихий обидалар кўздан кечирилди, кейин-чи?

Мутахассислар бир неча йилдан буён сайёҳларни Самарқандда кўпроқ "ушлаб туриш"нинг фойдаси ҳақида гапиришади. Тўғри, Самарқандга келадиган сайёҳларнинг аксарияти бир кун ичида тарихий объектларни кўздан кечириб, бошқа шаҳарга ўтиб кетади. Агар улар яна бир кун шаҳарда қоладиган бўлса, маблағ тушуми ҳам бир неча баробарга ошади. Муаммо шундаки, аксарият сайёҳлар бир кундан ортиқ шаҳарда қолишни истамайди. Нега?
Тасаввур қилинг, сайёҳсиз. Дам олиш, бир дунё таассуротлар олиш учун Самарқандга келдингиз. Тарихий объектларни айланиб чиқдингиз. Айтинг-чи, кеч бўлгач, зерикиб қолмаслик учун вақтингизни қандай ўтказган, қаерга борган бўлардингиз? Муаммо ана шунда. 
Туризм фақат тарихий обидалар эмас

Яна бир масала. Шуниси эътиборлики, қўшни давлатлардан келадиган сайёҳлар оқими ошган сари Самарқандда тиббий ва агротуризм ҳам ривожлана бошлади. Тожикистонлик меҳмонлар Тойлоқ туманидаги иссиқхоналар, томорқалардаги экинлар парвариши, технологияси билан қизиқиб, танишиб чиқмоқда. Аллақачон тумандан Тожикистоннинг Панжикент туманига турли хил кўчатлар етказиш йўлга қўйилди. 
– Тойлоқ туманига оиламиз билан келгандик, – дейди панжикентлик ўози Рустамов. – Бизга керакли, тиббий ташхис аппаратлари туман марказида борлигини эшитгач, аёлим шу ерда тиббий кўрикдан ўтди. Кейинги ой фарзандларимни ҳам олиб келмоқчиман.  
Фикримизча, биз энди туризмнинг ана шу йўналишларига ҳам тайёр туришимиз лозим.

Журналистлар Анвар Мустафоқулов ва Ҳусан Элтоевнинг таҳлилий мақоласини «Зарафшон» газетасининг 46-сонида тўлиқ ўқинг.