Сайёр қабул – аҳоли билан мулоқотнинг самарали усули
Халқ давлат идораларига эмас, давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак.
Бугун бу фикр шунчаки баландпарвоз гап эмас, давлат органлари олдига қўйилган энг асосий талаблардан бири, халқ билан мулоқот қилишнинг бош ғоясига айланди. Раҳбарлар ҳам, аҳоли ҳам бунга ўрганди.
...Ургут туманининг Тегана маҳалласида яшовчи Наргиза Хидированинг юраги хасталаниб қолдию дунё кўзига тор кўрина бошлади. Нима қилсин, даволаниши учун керакли маблағи, даромади йўқ. Топгани икки боласи ва рўзғоридан ортмайди. Тақдирга тан бериб, нима бўлса, пешонамдан кўраман, деб юрганида маҳалла-кўй маслаҳати билан туман ҳокимининг сайёр қабулига борди. Дардини айтди.
Айни чоғда бундай мурожаатлар эшитиляпти, эътиборсиз қолмаяпти. Маблағ масаласида ҳам бугун маҳаллий ҳокимликларда имконият бор, фақат ҳомийларга таяниб қолмаган, бюджетнинг орттириб бажарилган қисмидан депутатлар фикрини инобатга олиб, ҳудуд ва аҳоли манфаати учун фойдаланиш мумкин. Айниқса, аҳоли саломатлиги, ижтимоий ҳимояси учун ажратилаётган маблағ салмоғи йил сайин ошиб бормоқда. Шунинг учун бугун ҳокимлар ва бошқа раҳбарлар, депутатлар халқнинг олдига боришдан, дардини эшитишдан чўчимайди, қочмайди.
Наргиза Хидированинг мурожаати дарҳол назоратга олинди. Бемор туман марказий шифохонасида тиббий кўрикдан ўтказилди, дастлабки даво муолажалари бажарилди. Сўнгра шифокорлар беморда юқори технологик жарроҳлик амалиёти ўтказиш зарур, деган хулосага келди ва бунинг учун Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали танланди.
– Операция учун ҳокимлик томонидан 25 миллион сўм пул ажратилди – дейди Н.Хидирова. – Август ойида Самарқанддаги шифохонада юрагимга стент қўйишди. Худога шукр, саломатлигим тикланди. Давлатимиздан, туманимиз раҳбарларидан миннатдорман.
Туман ҳокимлиги девонхонасидан олинган маълумотларга кўра, йил бошидан буён ҳоким ва сектор раҳбарларининг жойларда ўтказган сайёр қабуллари, шунингдек, фуқароларнинг Халқ қабулхонаси ва ҳокимликка мурожаатлари асосида ижтимоий кўмакка муҳтож 52 нафар беморнинг саломатлигини тиклаш учун уларнинг ҳар бирига маҳаллий бюджетдан 2 миллион сўмдан 30 миллион сўмгача маблағ ажратилган. Бундан ташқари, яна ўнлаб фуқаролар саховатпеша ҳомийлар ёрдамида даволаниб, оиласи бағрига қайтган, 370 нафардан ортиқ кишига туман тиббиёт бирлашмаси шифохоналари томонидан тиббий ёрдам кўрсатилган.
Статистик рақамлар, туманда уй-жой ажратиш ёки уни таъмирлаш, соғлиқни сақлаш, фермер хўжаликлари масалаларида мурожаатлар кўп бўлганини кўрсатмоқда. Биргина уй-жой ва ер ажратиш билан боғлиқ мурожаатлар ўтган йилнинг саккиз ойида 616 тани ташкил этган бўлса, жорий йилда 592 та қайд этилган. Бу мурожаатларнинг 471 таси бўйича зарур чоралар кўрилиб, 12 таси рад қилинган. Уй-жойга муҳтож, кам таъминланган 13 оилага икки ва уч хонали уй қуриб берилган. Соғлиқни сақлаш юзасидан тушган 492 та (ўтган йил 441 та бўлган) мурожаатнинг 412 таси ижобий ҳал қилиниб, фуқароларга тиббий ёрдам кўрсатилган.
Мангитободда ОШП, Бешкапада мактаб қурилди
Туман ҳокимининг жорий йил бошида Мангитобод маҳалласидаги сайёр қабули чоғида аҳоли ҳудуддаги “Бобур” оилавий шифокорлик пунктининг биноси яроқсиз ҳолга келиб қолганини айтиб, ушбу масалада ёрдам сўради.
– Қабулдан сўнг пунктга бориб, ҳолат билан танишдик, – дейди Ургут тумани ҳокими Ботир Жабборов. – Бино ростдан ҳам анча эски, яроқсиз ҳолга келиб қолган экан. Реконструкция қилиш ёки таъмирлашнинг имконияти йўқ. Маҳаллий бюджетнинг белгиланган режасини ортиб бажарсак ҳисобимизда пул бўлишини ҳисобга олиб, маҳалла оқсоқолларига бинони бузиб, янгидан қуришга ваъда бердим. Кейин бу масалани Кенгаш сессиясига киритиб, депутатлар розилигини олдик ва 800 миллион сўм маблағ ажратдик.
Туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Дилшод Тоғаев айтишича, қисқа вақт ичида эски бино бузилиб, унинг ўрнида замонавий лойиҳа асосида оилавий шифокорлик пунктининг янги биноси қурилибди. Ростдан ҳам бино кўркам, тиббиёт ходимлари ва аҳоли учун зарур шароитлар яратилган. Ушбу муассаса фаолияти мисолида ҳудуддаги аҳолининг тиббий карталарини ҳар бир оиланикини алоҳида жилдларда сақлаш йўлга қўйилибди. Шунингдек, пункт ёнида ўн ўринли кундузги стационар ва тез тиббий ёрдам шохобчаси ташкил этилган. Битта бўлса-да транспорт воситаси бор. Аҳоли ва тиббиёт ходимлари “шу пайтгача шу ҳам йўқ эди, қишлоқда бировнинг мазаси қочиб қолса, қийналиб қолардик, борига шукр” дейишди. Туман марказидан 20 километр олисдаги ҳудуд аҳолиси эндиликда шу ерда зарур тиббий хизматдан фойдаланиб келмоқда.
Юқори Бешкапа маҳалласи тумандаги энг катта ҳудудлардан бири. Қишлоқнинг бир томонидан иккинчи томонигача бўлган масофа 6-7 километрдан кам эмас. Ҳозирда бу ерда тўртта мактаб фаолият кўрсатади, лекин барибир ўқувчилар учун масофа узоқлик қилади – 3-4 километр йўл босишга тўғри келади. Шу сабабли ота-оналар 94-умумий ўрта таълим мактабининг ўтган асрнинг саксонинчи йилларида ҳашар йўли билан қурилган қўшимча биносини янгилаш юзасидан мурожаат қилди.
– Бу ҳудуддан мактабимизгача масофа 4 километр, – дейди мактаб директори Жамшид Рашидов. – 300 нафарга яқин 1-5 синф ўқувчилари шу ердаги қўшимча синфхоналаримизда ўқийди. Аммо бино анча эски бўлиб қолганди. Аҳолининг мурожаатидан сўнг пахса деворли мактаб бузилиб, унинг ўрнида сендич панелдан 6 та синфхона, 2 та ўқитувчилар хонасига эга бино қурилди. Бу ишлар икки ой ичида амалга оширилди. Бунинг учун маҳаллий бюджетдан 700 миллион сўм маблағ ажратилди. Яқин кунларда бино фойдаланишга топширилади ва ўқувчиларимиз қулай шароитда ўқишни давом эттиради.
Юқори Бешкапанинг кенгайиб кетгани ва аҳоли сони ошиб бораётгани сабабли жорий йилда маҳалла бўлиниб, Мингбоғ маҳалласи ташкил этилган. Янги маҳалладаги, 2021 йилгача 134-мактабнинг филиали сифатида фаолият кўрсатган ва ҳозирда 155-рақам билан юритилаётган умумий ўрта таълим мактаби мослаштирилган бинода бўлгани сабабли мазкур муассаса ҳам аҳолининг мурожаатлари асосида таъмирланмоқда. 300 нафарга яқин ўқувчи таҳсил оладиган мактаб таъмирига маҳаллий бюджетдан 200 миллион сўм ажратилган. Бундан ташқари, мактабни таъмирлаш ишларига ҳомийлар ҳам жалб этилган.
Пайшанба – сайёр қабуллар куни
Ургутда ҳафтанинг пайшанбаси сайёр қабул куни, деб белгиланган. Туман ҳокими ва сектор раҳбарлари, Халқ қабулхонаси мудири шу куни жойларга чиқиб, аҳолининг мурожаатини эшитади.
Кеча туман истироҳат боғидаги сайёр қабулда 90 дан ортиқ фуқаро ўзини қийнаётган масалалар юзасидан туман раҳбарларига мурожаат қилди.
Жумладан, 23 нафар хотин-қиз субсидия асосида уй-жой билан таъминлаш, 12 нафар шахс болалар нафақа пули ажратиш, 11 нафари алимент масаласида, 12 нафар фуқаро даволаниши учун маблағ кераклиги юзасидан, шунингдек, коммунал хўжалик масалалари бўйича раҳбарларга ўз дардини айтди.
Мурожаатларнинг 21 таси шу ернинг ўзида ҳал этилди. 32 таси юзасидан тегишли тушунтириш берилди, қолган мурожаатлар ҳам белгиланган тартибда назоратга олинди.
Жумладан, Омонқўтон маҳалласида яшовчи Г.Дўсталиева уй-жой қурилишини бошлагани, аммо уйнинг томини ёпиш ва эшик-дераза ўрнатишда қийинчиликка дуч келаётганини айтиб, туман ҳокимидан ёрдам сўради. Ушбу фуқарога ҳомийлар жалб этилган ҳолда 30 дона шифер ва 2 донадан эшик ва дераза олиб бериладиган бўлдик.
Испанза маҳалласидан келган, ногиронлиги бўлган Д.Муҳаммадиеванинг уй-жой масаласидаги мурожаати ҳам ижобий ҳал қилинди.
– Ёлғиз онаман, бир нафар фарзандим бор, – дейди Д.Муҳаммадиева. – Акамнинг уйида яшайман. Шунинг учун уй сўраб келгандим. Дўстлик маҳалласида қурилаётган ижтимоий уйлардан икки хоналиси берилишини айтишди. Бандлигимни таъминлаш ва даромад олишим учун яқинда субсидия асосида тикув машинаси беришганди. Ҳокимлигимиздан миннатдорман, барака топишсин.
Қабул давомида шу каби мурожаатлар кўп бўлди. Лекин уларнинг ҳаммаси ҳам қаноатлантирилмади. Тани-жони соғ, эри ёки хотини, фарзандлари бўла туриб, моддий ёрдам сўраб келган кишиларга иш таклиф этилди. Меҳнат қилиб, рўзғор тебратиши, даромад топиши кераклиги тавсия қилинди.
– Сайёр ва оммавий қабуллар, раҳбарларнинг аҳоли билан бевосита мулоқоти йўлга қўйилганда ҳақиқатдан ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган билан бирга давлат ёрдам берар экан, деб айрим боқиманда кишилар ҳам қабулларга келгани кўп кузатиларди, – дейди Ургут тумани Нуронийлар жамоатчилик кенгаши раиси Фармон Азизов. – Бошида уларга ҳам ёрдам берилганди-да. Кейинчалик улар бу ишни одатга айлантириб олгач, уларга меҳнат қилиши учун иш таклиф қилиняпти, ҳатто, томорқасидан даромад олиши, тадбиркорлик билан шуғулланиши учун имконият бериляпти. Қолаверса, маҳаллаларда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ташкил этилиб, аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож қатламига манзилли ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилди. Аҳолини камбағалликдан чиқаришнинг аниқ механизми жорий этилди. Шу каби омиллар ва раҳбарларнинг аҳоли билан доимий мулоқотлари натижасида сайёр қабулларда ҳам мурожаатлар ҳам камайди. Ўзимиз ҳам гувоҳ бўлганмиз, илгари қабулларда бир неча юзлаб одамлар келарди. Ҳозир эса юз нафарга ҳам бормаяпти. Одамлар ҳам қайси масалага қаерга, қандай ҳолатда мурожаат қилиш кераклигини англаяпти.
Статистик рақамлар ҳам оқсоқолнинг фикрларини тасдиқлайди. Маълумотларга кўра, ўтган йилнинг саккиз ойида туман ҳокимлигига юридик ва жисмоний шахслар томонидан 5700 дан ортиқ мурожаат тушган бўлса, жорий йилда бу рақам 5005 тани ташкил этган. Мазкур мурожаатларнинг 4025 таси юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрилган. Умуман, жорий йилнинг саккиз ойида туман, вилоят ва республика идораларида ургутликларнинг 8840 та мурожаати қайд этилган (ўтган йил бу рақам 9264 та бўлган) ва мурожаатлар 5 фоиз камайишига эришилган.
Аслида бугун юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосини инсон қадрини улуғлаш, унинг манфаатларини ҳимоялаш ташкил этилмоқда ва бу орқали кўплаб ижтимоий муаммолар ҳал этилмоқда. Бу эса аҳоли турмуш тарзида ўз ифодасини топяпти, кўплаб масалаларнинг ечимига йўл очмоқда.
Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат).