Сайёр қабулда 250 дан ортиқ масалага ечим изланди
Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов Паст Дарғом туманида сайёр қабул ўтказди.
Туман ҳокимлигида ўтказилган қабулда вилоятдаги давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари қатнашди.
Вилоят ҳокими ҳар бир мурожаатни эшитар экан, аҳоли томонидан билдирилган масалаларни ўз ўрнида, қўшимча ўрганиш талаб этадиган муаммоларни қисқа фурсатда ҳал этиш чораларини кўриш лозимлигини таъкидлади.
Сайёр қабулда бир гуруҳ аҳоли вакиллари «Жума элеватори» акциядорлик жамият балансида бўлган кўп қаватли турар жойларни хусусийлаштириб беришда амалий ёрдам сўради. Мазкур масалани шу ернинг ўзида ижобий ҳал этиб, тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш учун мутасадди идоралар ва туман ҳокимлигига топшириқлар берилди.
– Ўтган йилнинг сентябрь ойида туманимизнинг Қўнғирот маҳалласида боғча қуриш бўйича уч томонлама битим имзолаб, кредит олиш учун зарур ҳужжатларни тайёрлагандим, – дейди иштихонлик Севара Эгамбердиева. – Аммо негадир бугунгача имтиёзли кредит ажратилмаяпти.
Ҳоким шу ернинг ўзида мурожаатчи масаласи юзасидан масъулларга вазифаларни белгилаб берди ва муаммо ижобий ҳал қилинадиган бўлди.
Қабул давомида аҳолининг йўлларни таъмирлаш, ишга жойлашиш, тоза ичимлик суви таъминотини яхшилаш, коммунал соҳадаги камчиликларни бартараф этиш, уй-жой билан таъминлаш каби 250 дан отиқ мурожаати тингланди.
Қабул давомида шу ерда туман бандликка кўмаклашиш маркази томонидан бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ташкил этилди ва унда 46 нафар фуқаро ишга жойлаштирилди, 18 киши касбга қайта тайёрловга жўнатилиб, 26 нафар шахсга тегишли маслаҳатлар берилди.
Бахтиёр МУСТАНОВ.