Сенаторлар ургутлик ёшлар муаммосини ўрганди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев ҳамда Сенат аъзолари Фарҳод Боқиев ва Фармон Тошев Ургут агротадбиркорлик ва сервис касб-ҳунар коллежида тумандаги Сўфи, Ўроқбойжар, Қайроқли ва Жартепа қишлоқларида яшовчи ёшлар билан учрашди.

Тадбир аввалида Б.Сайфуллаев ёшларга парламент юқори палатаси, унинг тузилмалари фаолияти, ёшларни санъат, маданият, спорт ва тадбиркорликка жалб қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар, яратилаётган имкониятлар ҳақида сўзлаб берди.

Шундан сўнг сенаторлар ургутлик ёшларнинг Президентимиз илгари сурган 5 та муҳим ташаббус асосида китобхонлик, санъат, спорт ва ёшларни иш билан таъминлаш билан боғлиқ кўргазмали чиқишлари билан танишди. Ижодкор, изланувчан, тадбиркор, ғайратли ёшлар билан мулоқотлар жонли кечди. Ёшларнинг орзу-мақсадлари билан қизиқиб, таклиф ва мулоҳазаларини эшитди. Улар Сенат аъзоларига ўзларини қизиқтирган масала ва ўйлантираётган муаммоларини очиқ-ойдин билдиришди. Ўз навбатида, сенаторлар бандлик, ёшларнинг илмий фаолиятини изчил давом эттириш, шунингдек, таълим сифатини яхшилашга эътибор қаратиш, имтиёзли банк хизматларидан фойдаланиш каби масалаларни атрофлича муҳокама қилди.

– Корхонамизда 55 нафар ёшлар ишлайди, эркаклар кийими ишлаб чиқариш билан шуғулланиб келамиз, – дейди тумандаги “Urgut sanoat servis” оилавий корхонаси раҳбари Мажидхон Исломов. – Бугунги тадбир келгусида корхонамни кенгайтириш, Самарқанд шаҳри ва қўшни туманларда ҳам унинг филиалларини очиш ва маҳсулотларимиз сотувини кенг йўлга қўйиш масаласида аҳамиятли бўлди. Б.Сайфуллаев бу ҳаракатимни доим қўллаб-қувватлашини, бундай эзгу ҳаракатлар учун нафақат менга, балки тадбиркор тенгдошларимга “Ёшлар – келажагимиз” давлат дастури асосида кам фоизли кредит ажратилишида кўмак беришини билдирди.