Сентябрдан кимлар ишдан четлатилади? Ёки Сенатнинг сўнгги йиғилиши қарори ҳақида айрим мулоҳазалар

Ўтган ҳафтанинг охирги икки иш кунида Олий Мажлис Сенатининг ўн еттинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.

Бу галги ялпи мажлисда 19 та масала, шу жумладан, 7 та қонун муҳокама қилинди.

Жамоатчилик муҳокамаларига сабаб бўлган ўзгартиш

Ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун ҳам муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, амалдаги қонунларда юқумли касалликлар тарқалиши хавфи мавжуд бўлган тақдирда аҳолини профилактик эмлашдан ўтказиш жорий этилиши мумкинлиги юзасидан норма мавжуд эмас.

Бугунги кунда мамлакатимизда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони, шунингдек, ўлим ҳолатлари сони тобора кўпайиб бормоқда. Аҳолининг оммавий вакцинацияси ушбу касалликка қарши курашишнинг самарали чораларидан бири ҳисобланади.

Шу боис, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун ишлаб чиқилди. Унга кўра, “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги қонуннинг 28-моддасида карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши хавфи мавжуд бўлган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачининг қарори асосида қонунчиликда белгиланган тартибда аҳолини профилактик эмлашдан ўтказиш жорий этилиши мумкинлиги тўғрисида аниқ норма киритилди.

Бош давлат санитария врачи қарори

Жамоатчилик томонидан энг кўп муҳокама этилган қонун давлат раҳбари томонидан имзоланди ва қонуний кучга кирди. Албатта, унинг ижроси учун Бош давлат санитария врачининг қарори жорий йил 17 июлдаги 11-сонли “Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ўртасида СOVID-19 коронавирус инфекциясининг тарқалиб кетишини олдини олиш бўйича чора-тадбирларни янада кучайтириш тўғрисида”ги муҳим аҳамиятга эга.

Қарор 2-бандига асосан:

— эмлашнинг биринчи дозаси билан 2021 йилнинг 1 сентябрига қадар;

— эмлашнинг иккинчи дозаси билан 2021 йилнинг 1 октябрига қадар;

— эмлашнинг учинси дозаси билан 2021 йилнинг 1 ноябрига қадар муддатда эмланиш назарда тутилган.

Бош давлат санитария врачининг қарори билан 14 та соҳада меҳнат фаолиятини юритувчи шахсларнинг мажбурий эмланиши кўзда тутилган.

Булар:

— аҳоли билан мулоқотга киришувчи барча турдаги хизмат кўрсатиш объектлари (Давлат хизматлари марказлари, Ўзбекистон почтаси бўлинмалари, банклар, лизинг ташкилотлари, нотариуслар, суғурта компаниялари, туристик агентликлар, гўзаллик салонлари, автотранспорт воситаларини таъмирлаш ва мой алмаштириш, ювиш шохобчалари, сартарошхоналар, интернет заллари, тўловларни қабул қилиш пунктлари, риэлторлик хизматлари, реклама хизматлари ва бошқалар) ходимлари;

— барча турдаги савдо (озиқ-овқат, хўжалик моллари, кийим-кечак дўконлари, дорихоналар ва бошқалар) объектлари ходимлари;

— спорт мактаблари ҳамда спорт иншоотлари ходимлари;

— маданий ҳамда кўнгилочар объектлар ва дам олиш масканлари ходимлари;

➖меҳмонхоналар, меҳмон уйлари, хостеллар, отеллар, ётоқхоналар ва кемпинглар ишчи-ходимлари;

— йўловчи ташиш билан шуғулланувчи давлат ва нодавлат ташкилотлар ходимлари;

— давлат ва нодавлат таълим муассасалари ходимлари;

— ҳарбий хизматчилар;

— умумий овқатланиш жойлари, жумладан жамоат жойларида жойлашган тезкор овқатланиш нуқталари, чойхона, тўйхона, кафе ва ресторанларнинг ходимлари, шунингдек, маҳсулотларни етказиб бериш билан шуғулланувчилар;

— барча турдаги давлат ва нодавлат тиббиёт ва тиббий-ижтимоий объектлар ходимлари;

— коммунал хизмат соҳаси ходимлари;

— алоқа ва телекоммуникация объектлари ходимлари;

— давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ходимлари;

— ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари.

  Галдаги вазифа ёки хатога йўл қўйманг!

Юқоридагилардан кўринадики, тегишли соҳада фаолият юритувчи ходимларни ишдан четлаштиришда иш берувчилар ана шу муддатларга эътибор беришлари керак.

Яъни, Бош давлат санитария врачининг қарорида кўрсатилган ташкилотлар биринчи навбатда, ўз ходимларини юқорида кўрсатилган муддатдан кечикмай вакциналашдан ўтиши ҳақида расмий тарзда огоҳлантиришлари зарур.

Шу ўринда яна бир гап. Янги тартибда эмлашдан бош тортган ходимга нисбатан иш берувчининг қарши ҳаракати унинг ҳуқуқи сифатида қайд этиляпти, яъни иш берувчи эмланмаган ходимни ишга қўймасликка мажбур эмас. Хоҳласа четлатади, хоҳласа четлатмаслиги ҳам мумкин.

Ҳар нима бўлганда ҳам юқори палата вакиллари, тажрибали ҳуқуқшунослар бу борада турли ракурслардаги ҳолатлар бўйича тушунтириш беришлари мақсадга мувофиқ.

Ёқубжон Марқаев.