Сеул: Ким Чен Иннинг ўғли бор-йўқлиги тасдиқланмаган, қизини ворис дейишга ҳали эрта

Икки Кореяни бирлаштириш вазири Квон Ен Се фикрича, Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг қизини меросхўр деб ҳисоблаш мумкин ёки йўқлигини айтишга ҳали эрта.

“Шимолий Корея ворислик режасини бошлаган тақдирда ҳам, қиз ҳарбийларга эътибор қаратган Шимолий Корея режимини бошқара оладими, йўқми, деган савол туғилади”, деди Квон Ен Се CBS радиосига берган интервьюсида.

Унинг қайд этишича, КХДР жамияти жанубга қараганда анча патриархалдир. Шунинг учун Ким Чжу Эни отаси - Ким Чен Иннинг вориси деб ҳисоблашга ҳали эрта.

Гап шундаки, кейинги пайтларда мамлакат раҳбари қизини оммага тез-тез олиб чиқиши кузатилди. Ким Чен Иннинг муҳим тадбирларда қизи билан пайдо бўлишини ворисликка тайёрлаш сифатида кўрилди, дейди Шимолий Корея эксперти Чунг Сонг Чан.

КХДРда ядро каллаклари сонини кўпайтириш зарурлигини эълон қилган Ким Чен Ин январь ойида бундай юкларни олиб юришга қодир КН-23 ракеталари сақланадиган омборни қизи билан биргаликда кўздан кечирган эди.

"Ким Чжу Э анча ёш, бироқ у аллақачон “кейинги авлод рамзи” сифатида кўрсатилган ва унга мамлакат ядро арсенали ҳақида маълумот берилмоқда", дейилди қиз ракета учириш майдонларида пайдо бўлганида.

Бунга жавобан ота: "Бу ерда ёш муҳим эмас, чунки отам Ким Чен Ир мени вориси этиб тайинлаганда, атиги 10 ёшда бўлганман", деб жавоб берди.

Бироз ўтиб, Ким Чен Ин ва унинг қизи Вазирлар Маҳкамаси ва Мудофаа вазирлиги аъзолари ўртасидаги спорт мусобақаларида қатнашди. Ва бу унинг бешинчи марта омма олдида чиқиши бўлди.

Ундан сўнг Ким Чен Ин қизи ва рафиқаси билан Корея халқ армияси қўмондонлари қароргоҳига ташриф буюришди.

Қўшимча қилинишича, ҳозирча Сеулда Ким Чен Иннинг биринчи фарзанди ҳисобланган ўғли бор-йўқлигини тасдиқлашнинг иложи йўқ.

Интернет маълумотларидан Г.Холдорова тайёрлади.