Шариатимиз ҳукмларига кўра, болаларни ким таъминлаши керак?
Кейинги пайтда етимнинг бошини силаб, савоб топиш ўрнига оилалар бузилиб, тирик етимлар кўпайиб, ўз фарзандларини таъминламаётган оталар учрамоқда.
Хўш, мана шундай ҳолатда шариатимиз ҳукмларига кўра, болаларни ким таъминлаши керак? Болани ўзи билан олиб кетган онами ёки боладан ажралган отами?
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:
“...Уларни (оналарни) меъёрида озиқлантириш ва кийинтириш отанинг (эрнинг) зиммасидадир...” (Бақара сураси 233-оят).
Бу оят талоқ оятларидан кейин келган бўлиб, оятда боланинг онаси ҳақида гап кетган бўлса ҳам (яъни, талоқ қилинган хотин болани эмизиб тургани учун, эр уни едириб-ичириб, кийинтириб туради), бу ўринда болани таъминлаш кераклиги хотинни таъминлашдан ҳам кўра устунроқ туради.
“Мухтасарул виқоя” китобида “Болаларнинг нафақаси отасининг зиммасида, унга ҳеч ким бу ишда шерик бўлмайди (яъни, ёрдам бермайди)”, дейилади.
Демак, ҳозирги кунда тегишли ташкилотлар томонидан белгиланаётган нафақалар (алимент)дан ота бош тортиши жоиз эмас, балки боласини моддий ва маънавий жиҳатдан таъминлаш шаръан унинг бурчидир. Аллоҳ таоло барчамизни ўз зиммасидаги бурчларни тўлиқ бажарувчи бандаларидан қилсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати.