“Шарқ тароналари” фестивалининг тилга кирган хроникачиси – Самарқандда

Ҳа, шундай. Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси, 79 ёшли тажрибали журналист Флора Фахрутдинни кўпчилик “Шарқ тароналари” фестивалининг тилга кирган хроникачиси сифатида танийди.

Шунингдек, Флора Фахрутдин маданият ва санъатни кенг тарғиб этиш йўлида юзлаб мақолалар муаллифи. Унинг номи, айниқса, Самарқанд шаҳрида анъанавий равишда ўтказиладиган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали билан узвий боғлиқ. Журналист ушбу фестивалнинг илк йилларидан — 1997 йилдан бошлаб уни кенг жамоатчиликка ёритишда фаол иштирок этди. У ҳар бир фестивалнинг ташкилотчилик ишлари, техник тайёргарлиги ва ижодий жараёнларини ўз мақолаларида батафсил ёритиб, мухлисларга нафақат янгилик, балки тарихий ҳужжат сифатида ҳам қизиқарли маълумотлар тақдим этиб келди.

Фестиваль тарихини акс эттирувчи суратлар, дастурлар ва архив ҳужжатларини аниқ ва пухта сақлагани сабаб, у бугунги кунда ҳам журналистлар, тадқиқотчилар ва маданият соҳа фидойилари учун ишончли манба ҳисобланади. Унинг мақолалари нафақат Ўзбекистон матбуотида, балки Европа ва Осиё давлатларининг нуфузли нашрларида ҳам эълон қилинган. Флора Фахрутдин шу тариқа ўзбек мусиқа маданиятининг халқаро майдонда танилишига муносиб ҳисса қўшган.

Бугунги кунда ҳам у фаол ижод билан шуғулланишда давом этмоқда. Шу йилнинг 4 август куни у Самарқанд вилояти “Матбуот уйи”га келиб, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ходимлари ҳамда “Зарафшон”, “Самаркандский вестник”, “Овози Самарқанд” газеталари мухбирлари билан учрашди. Суҳбат давомида ўзининг узоқ йиллик тажрибалари билан ўртоқлашди, ёш журналистларга амалий маслаҳатлар берди, таҳририятлардаги шароитлар билан танишди.

У вилоят матбуот музейидаги ноёб экспонатлар билан ҳам танишди. Самарқанд миллий матбуотимизнинг бешиги сифатида ўз ўрнига эга эканини алоҳида таъкидлади. - Самарқанддаги илк нашрлар, таниқли муҳаррирлар ва журналистлар мактаби бутун мамлакатимиз матбуот тарихи учун муҳим аҳамият касб этади, - дейди Флора Фахритдин. – Мен буни ушбу музейда бўлиб, яна бир бор ҳис этдим.