Шарқона бозор маданияти... ўлдими?
Бозорларда яратилган шароитлар талабга жавоб берадими? Аҳолига кўрсатилаётган хизматлар, шунингдек, бозор маъмурияти томонидан олиб борилаётган ишларнинг бугунги аҳволи қандай? Ургут туманидаги "Саховат" деҳқон бозори, шунингдек, ён-атрофдаги савдо мажмуалари фаолиятини ўрганиб саволларимизга жавоб олишга ҳаракат қилдик. Ҳамроҳларимиз - туман Давлат солиқ инспекцияси, туман Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази вакиллари.
Таъкидлаш ўринлики, тизим билан боғлиқ муносабатлар қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади. Аммо ўрганиш давомида шунга ишонч ҳосил қилдикки, бу ердаги вазият бозорлар ва савдо фаолиятини ташкил этиш қоидалари талаблари даражасида эмас. Халқ тилида "Сомон бозор" деб аталувчи эски савдо мажмуаси шу ерга кўчирилиб, сотувчи ва харидорларга муносиб шароит яратиш мақсадида яхши ниятлар билан бир йилча муқаддам ташкил этилган "Саховат" бозори ва ёндош ҳудудларда савдо авжида. Аммо бу ерда бўлган кишининг кўнгли хира тортмай иложи йўқ. Нега?
Изоҳлашга ҳаракат қиламиз.
Аксарият сотувчилар белгиланган жойлардан ташқарида савдо қилмоқда. Ваҳоланг-ки, бозорда ўрнатилган 350 ўринли растадан 150 таси бўш турибди. Бозорда сотувчиларни ажратилган савдо ўринлари бўйича жойлаштириш ва шу ўринларда савдо қилишини назорат қилиш ўлда-жўлда қолиб кетган. Аксарият қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотиш расталари бўш турган бир вақтда, айрим сотувчилар ерда харидорлар юриши учун қийинчилик туғдирган ҳолда савдо олиб бормоқда.
Бир марталик йиғимлар, ижара тўловлари ва бошқа тушумларнинг банк тизими орқали автоматлаштирилган ҳисобга олиш йўли билан банк кассалари орқали қабул қилинишини таъминлаш ишлари ҳам алоҳида ўрганишни талаб этади. Масалан, полиз маҳсулотлари билан савдо қилувчи сотувчининг маълум қилишича, бир марталик кунлик йиғим учун 10 минг сўм берар экан. Аммо тўловни тасдиқловчи чекни сўраганимизда "унақа нарса" олмаганини айтди.
Бозор жойлашган ҳудуддаги эпидемиологик, эпизоотик ва экологик хавфсизликни таъминлашнинг бугунги ҳолатини ҳам қониқарли, деб бўлмайди. Масалан, сотилаётган гўшт маҳсулотлари чивин ва бошқа турдаги ҳашаротларнинг «зиёфат дастурхони»га айланган. Сут маҳсулотлари бир марта ишлатиладиган елим идишларда сотилмоқда. Тез айнийдиган, айниқса, ҳозирги жазирама ҳавода кўз очиб-юмгунча сифати бузиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари очиқда, бошқа турдаги маҳсулотлар (кир совун, хўжалик қоғози, идиш-товоқ, атторлик буюмлари ва ҳоказо) билан аралаш, бетартиб сотилаётганидан кўз юмиб бўлмайди.
Юқорида "Сомон бозор"ни эслаган эдик. Хусусий тадбиркорга тегишли бўлган кўп қаватли муҳташам савдо мажмуаси ва унинг ён-атрофидаги ҳудудлар савдогарларга ижарага берилган. Савдогарлар эса "Саховат" бозорига кўчишни истамай, шу ерда (аксарият ҳолларда кўча бўйида) фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг тўловларни қай тарзда амалга ошираётганини назорат қилиб бориш тегишли идоралар зиммасида. Аммо масаланинг яна бир жиҳати борки, бунга эътиборсиз бўлиш мумкин эмас. Яъни, ҳудуд атрофи автомашиналар билан тўлганлиги оқибатида кўп ҳолларда сунъий тирбандлик юзага келади. Бу эса ҳаракат хавфсизлиги учун жиддий хавф экани шубҳасиз.
Она заминимизда шаклланган Шарқона бозор маданияти асрлар оша жаҳон аҳлини мафтун этиб келганидан ғурурланамиз, албатта. Аммо бозорларимизнинг бугунги аҳволини кўриб беихтиёр "аттанг", деб юборишдан ҳам тилимизни тиёлмаймиз.
Дарвоқе, ўрганиш жараёнида маданият ва тарбия "кўчаси"дан ўтмаган айрим шахсларнинг таҳдидларига ҳам дуч келдикки, бу келгуси мақолаларимиз мавзуси бўлади.
Сирожиддин ТАЙЛОНОВ,
Нусрат БОБОЕВ.