Шавкат Мирзиёев: "Йил тугаяпти, бугун натижаларни таҳлил қилиб, айримларга нисбатан хулоса қиламан"

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида маҳаллаларда аҳоли даромадини ошириш, камбағаллик ва ишсизликни қисқартириш бўйича қилинган ишлар ва 2026 йилдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Давлатимиз раҳбари бу йўналишда барча зарур молиявий ва ташкилий масалалар ҳал қилиб берилганини таъкидлади.

Жумладан, пастда ишларни тўғри ташкил қилиш, маҳаллама-маҳалла юриб, янги ташаббусларни топиб, одамлар ҳаётини яхшилашга масъул бўлган вилоят, туман ҳокимлари ва улар ходимларининг моддий ва техник имкониятлари тубдан яхшиланди.

- Энди вазирлар, ҳокимлар, раҳбарлар ўзига савол берсин: шунча яратилган шароитдан, имкониятдан қай даражада фойдаланяпти? Нима натижа қиляпти? Ислоҳотларимиз натижаси ҳар бир оилага, ҳар бир хонадонга кириб боряптими? Одамлар буни қандай ҳис қиляпти?

Бундай саволлар кўп. Барча раҳбарлар тайёр турсин. Йил тугаяпти, бугун натижаларни таҳлил қилиб, айримларга нисбатан хулоса қиламан, - деди Президентимиз.

Таъкидланишича, жорий йил бошидан ишсизлик 4,9 фоизга тушди (ўтган йили 5,5 фоиз бўлган). Айниқса, Бухоро, Когон, Навоий, Зарафшон, Ғозғон, Самарқанд, Ширин шаҳарларида ишсизлик 4 фоиздан пасайиб, илк бор “табиий ишсизлик” даражасига яқинлашди.

Эҳтиёжманд 302 минг оила камбағалликдан чиқди. Йил якунигача камбағаллик даражаси 6 фоизгача камайиши кутилмоқда (ўтган йили 8,9 фоиз бўлган).

Шароити оғир бўлган Ховос, Мирзаобод, Оқолтин, Дўстлик, Пахтакор, Фориш, Бўстон, Вобкент, Миришкор, Мингбулоқ, Узун ва Пискент туманларида камбағал оилалар сони 4,5 баробаргача камайди.

Илгари қийин аҳволда бўлган 105 минг оила даромад кўришни бошлади, камбағал оилаларнинг ўртача даромади йил бошига нисбатан 2 баробарга ошди.

Жорий йилда илк бор 1 минг 435 та маҳалла “камбағалликдан холи” ҳудудга айланди.