ШҲТ саммити муносабати билан Самарқанд шаҳридаги бир қатор кўчаларда транспорт воситалари ҳаракати чекланади
Бу ҳақдаги қарор халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгашининг навбатдан ташқари 69-сессиясида қабул қилинган.
Қарорга мувофиқ, 14 сентябрдан 17 сентябрга қадар Самарқанд шаҳридаги Ибн Сино, Бўстонсарой, Университет хиёбони, Намозгоҳ, Садриддин Айний, Регистон, Рудакий, Шоҳи Зинда, Уста Умар Жўрақулов, Ислом Каримов, Афросиёб, Беруний, Мирзо Улуғбек, Гулобод, Муқимий ва Даҳбед кўчаларида барча транспорт воситаларининг ҳаракати чекланади.
Ҳаракат қатнови чекланган кўчаларда тез тиббий ёрдам ва вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасининг махсус транспорт воситаларига истисно тариқасида ҳаракатланиш учун рухсат берилади. Ҳайдовчиларга ноқулайликлар туғдирмаслик мақсадида айланма йўллар орқали ҳаракатланиш ташкил этилади.
Халқаро аҳамиятга эга М-37, М-37А ҳамда М-39 автомобиль йўлларининг шаҳар ҳудудига кириш-чиқиш қатнов қисмларида транспорт воситаларининг ҳаракати чекланади.
5 сентябрдан 20 сентябргача шаҳар ҳудудига юк автотранспорт воситалари ва махсус техника воситалари қатнови ҳам вақтинча чекланади.
М-37А Самарқанд ҳалқа автомобиль йўлининг 40–43-километрлари оралиғида жойлашган “Самарқанд Сиёб савдо” унитар корхонасига (автомобиллар эҳтиёт қисмлари бозори) келадиган фуқаролар учун мавжуд автотураргоҳ йўлнинг қарама-қарши қисмида жойлашганлиги сабабли унитар корхона 5 сентябрдан 20 сентябргача вақтинча фаолият юритмайди.