ШҲТнинг янги тузилмаси жаҳон харитасида
Биринчи мақоламизда ШҲТнинг ташкил этилиши, ташкилотнинг асосий мақсад ва вазифалари ҳақида ёзган эдик. Қуйидаги мақолада ШҲТнинг кейинги фаолияти ҳақида фикр юритамиз.
ШҲТнинг навбатдаги 18-саммити 2018 йил 9-10 июнь кунлари Хитойнинг Циндао шаҳрида ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан бешта таклиф билдирилди. Жумладан, Самарқанд шаҳрида халқаро “Ипак йўли” туризм университетини очиш тўғрисидаги таклиф якдиллик билан қабул қилинди. Мазкур университет 2018 йил 1 октябрдан эътиборан фаолият кўрсатмоқда.
ШҲТнинг 21-саммити 2021 йил 16-17 сентябрь кунлари Тожикистон Республикаси пойтахти Душанбе шаҳрида ўтказилди. Ташкилот давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисида Ш.Мирзиёев ўнта таклиф билдирди. Саммит якунлари бўйича давлат раҳбарлари томонида 30 та ҳужжат имзоланди ҳамда Душанбе декларацияси қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси тўртинчи марта 2021-2022 йилларида ШҲТ фаолиятига раислик қилмоқда. Давлат раҳбарларининг навбатдаги 22-саммити жорий йил 15-16 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилади.
Ташкилот дастлаб минтақавий хавфсизлик муаммоларини ҳал этишга хизмат қиладиган сиёсий механизм сифатида ташкил қилинган бўлиб, ҳозир у интеграцион иқтисодий ҳамкорликни ошириш ҳамда ташкилотга аъзо давлатларни барқарор ривожлантиришга хизмат қилувчи халқаро ташкилотга айланди. Ҳозир унинг таркибига 8 та аъзо давлат – Хитой Халқ Республикаси, Россия Федерацияси, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон, Ҳиндистон Республикалари, Покистон Ислом Республикаси; 3 та кузатувчи давлат – Беларусь Республикаси, Мўғулистон Халқ Республикаси, Эрон Ислом Республикаси; 6 та мулоқот бўйича шерик давлат – Туркия, Озарбайжон, Арманистон Республикалари, Камбоджа Қироллиги, Непал Федерал Демократик Республикаси, Шри-Ланка Демократик Социалистик Республикаси киради.
ШҲТда кузатувчи мақоми ташкилотга аъзо давлатларнинг розилиги билан ШҲТ органларининг йиғилишларида қатнашиш ва кун тартибидаги масалалар ва қарорларни муҳокама қилишда қатнашиш ҳуқуқини беради.
Мулоқот бўйича шерик давлатлар мақоми ШҲТнинг Хартияси (Устави)да назарда тутилган ҳамкорликнинг айрим соҳаларида ўзаро алоқада бўлган давлат ёки ташкилотлардир.
2021 йилги маълумотлар таҳлили шуни кўрсатадики, Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг умумий ер майдони 34,25 миллион квадрат километрни ташкил этиб, Ер юзининг 23 фоизи, Евроосиё материгининг 62,7 фоизи, Осиё қитъасининг эса қарийб 79 фоизини ташкил этади. Ундаги аҳоли сони тахминан 3 миллиард 455 миллион кишини ташкил этиб, бу кўрсаткич Ер аҳолисининг 42 фоизини ташкил этади.
Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг расмий тили сифатида рус ва хитой тиллари қабул қилинган.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти НАТО алянси каби ҳарбий блок эмас. Марказий Осиёда фаолият юритаётган бошқа минтақавий бирлашмаларга нисбатан ШҲТнинг устунлиги шундаки, ташкилот доирасида асосан минтақада иқтисодий ва хавфсизлик масалаларида ҳамкорлик амалга оширилиб, барча органлардаги қарорлар консенсус тамойилига амал қилинган ҳолда қабул қилинади.
Сафар Абдувоҳидов,
Ўзбекистон-Финландия педагогика институти доценти.
Муҳаммад Сафаров,
“Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети бош мутахассиси.