Шодиянинг кеча бошлаган иши бугун оилавий бизнесга айланди

Юртимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда тадбиркорликка кенг жалб этиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар амалий натижа беряпти.

Айниқса, Президентимизнинг 153-сон қарори асосида ёшларга ер майдонлари ажратилиши кўплаб оилалар ҳаётида янги бурилиш ясамоқда. Каттақўрғон тумани Қумоқ маҳалласида ҳам мазкур қарор ижроси доирасида эътиборга лойиқ ишлар амалга оширилган.
Хусусан, 2024 йилда маҳалладаги 73 нафар ёшга жами 23 гектар ер майдони ажратилди. Натижада илгари доимий даромад манбаига эга бўлмаган кўплаб ёшлар бугун деҳқончилик орқали ўз фаолиятини йўлга қўймоқда.

Ажратилган ер майдонларида ёшлар томонидан турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилмоқда. Бу эса нафақат оилалар даромадини ошириш, балки бозорлардаги маҳсулотлар етказиб берилишида ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Ана шундай меҳнаткаш ёшлардан бири — Шодия Йўлдошова. У қарор асосида ажратилган ер майдонидан унумли фойдаланиб, қисқа вақт ичида ўз фаолиятини йўлга қўйди.

Дастлаб 8 сотих майдонда қулупнай етиштиришни бошлаган ёш тадбиркор бир мавсум давомида мевасидан 80 миллион сўм, кўчатидан эса 40 миллион сўм даромад олишга муваффақ бўлди. Бугунги кунда эса фаолиятини янада кенгайтириб, 15 сотих майдонда иш олиб бормоқда.
Эътиборлиси, Шодия Йўлдошева ушбу фаолиятни оиласи билан биргаликда йўлга қўйган. Турмуш ўртоғи ва фарзандлари билан биргаликдаги меҳнат бугун оилавий тадбиркорликка айланиб улгурган. Улар томонидан етиштирилаётган сархил маҳсулотлар бозор расталари орқали халқимиз дастурхонига етказиб берилмоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ёшларни ер билан таъминлаш орқали нафақат уларнинг бандлиги ҳал этилмоқда, балки қишлоқ хўжалигида янги тажрибалар, самарали ёндашувлар ва замонавий усуллар ҳам кенг жорий қилинмоқда.