Синглисини ит ҳужумидан сақлаш учун ўзини унга тутиб берган 6 ёшли болакай тақдирланди
Ижтимоий тармоқлар ҳамда Бутунжаҳон бокс иттифоқи твиттер саҳифасига кўра, болакай Фрижер Уокер ўз ҳаётини хатарга қўйиб синглисини ит ҳужумидан сақлаб қолган.
Маълум қилинишича, ака-сингил сайр қилаётган вақтда уларга ит ташланган. Бриджер эса ўз вақтида синглисини тўсиб қолган.
6 ёшли болакай ҳатто юзини ит ғажиб ташлаган бўлса-да синглисининг қўлидан тутиб уни хавфсиз жойга етказиш учун югурган.
"Агар ҳозир кимдир ўлиши керак бўлса, ўша мен бўлишим керак деб ўйладим", - деди кейинчалик митти қаҳрамон.
Болакайни зудлик билан шифохонага етказишган ва узоқ жарроҳлик амалиёти ўтказилган. Чунки унинг юзини ит ғажиб ташлаган эди. Бриджернинг юзига 90 та чок тушган.
Бу воқеадан хабар топган Бутунжаҳон бокс иттифоқи 6 ёшли болани фахрий чемпион деб тан олди.
"Бриджер Уокерни WBC фахрий чемпиони деб тан олиш биз учун катта шараф. Унинг бу иши инсондаги энг яхши фазилатлар ифодасидир. Бриджер, сен қаҳрамонсан!", - дейилади ташкилот расмий Твиттер саҳифасида.