Собир Ўнар: Адабиётда янги мавзу йўқ, фақат маҳорат бор
Таниқли ёзувчи Собир Ўнар 1964 йилда Қўшработ туманидаги Қувкалла қишлоғида туғилган. Тошкент давлат университетининг журналистика факультетини тамомлаган.
Илк китоби — “Орзуга тўла қишлоқ”. Шундан сўнг ёзувчининг “Овлоқ адирлар бағрида”, “Чашма”, “Чамбилбелнинг ойдаласи”, “Ўғрилар”, “Бибисора”, “Дунё шундай турурму?”, “Олдинда ёнган маёқ”, “Отамзамон ҳангомалари”, “Кунсулувнинг сирли хатлари” каби асарлари эълон қилинган.
– Собир ака, асарларингизни ўқиган китобхон танти ва содда қишлоқ одамлари орасида юргандек бўлади, худдики, улар яқин одамларинг, жигарларингдек туюлади. Айтинг-чи, қаҳрамонларингизнинг ҳаётда прототипи борми ёки тўқима образларми?
- Ёзувчи прототипни ўйлаб топдим дегани билан барибир воқеанинг ёки қайси бир жиҳати билан ҳаётдаги бир прототип бўй кўрсатиб тураверади. Менимча, аслида ўйлаб топган яхшироқ. Ўйлаб топилган образ ўзи учун ёқимлироқ бўлади, лекин ҳаётда яшаганингдан кейин замондош ёки тақдирдош бўлган одамларнинг ҳаёти ҳақида ўзгача ёки ўзга одамникини ёзишинг қийин. Чунки, ёзувчи хоҳлайдими-хоҳламайдими, у барибир қалб одами. Атрофини, ўзининг қалбига яқин одамларни, қаҳрамонларни, шунингдек, ўзига яқин бўлган инсонлар тақдирини назардан ўтказишга мажбур.
– Асарларингизда миллий ўйинларимиздан бири – улоқ–кўпкари ҳақида тасвирлар кўп учрайди. Масалан, “Бир ўларман чавандоз”, “Ака-укалар”, “Ғов” ҳикояларингизда бу бўртиб кўринади. Бу сизнинг кўпкарига қизиқишингизданми ёхуд қаҳрамонларингизнинг чавандоз бўлганлигиданми?
– Кўпкари халқ ўйини, бошқа халқ ўйинларига нисбатан кўпроқ томошабоп. Томошабинни завқлантиришга қодир полвон ва унинг отига ҳам бўлган ихлосингни чандон оширадиган бир ўйин. Шу маънода, мен энди айнан устоз ёзувчи Тоғай Мурод ва бошқалар сингари кўпкари ва чавандоз мавзусини алоҳида қаламга оламан деб ўйламаганман, ўзимнинг юрагимга таъсир қилган вазиятларда шуларни қоралаб қўйганман. Сиз тилга олгандан ташқари, бир бошқачароқ, йирикроқ ҳажмдаги яна бир нарса ёзилди. Масалан, кўпкари нимаси билан одамни мафтун қилади ёки нимаси билан жозибали? Ўйлайманки, кўпкарида полвонликдан ташқари, мардлик, кескирлик, маълум бир манфаатлардан кеча олиш жасорати ҳам бўлади. Мана шундай қаҳрамонларимдан бири кейинги ҳикояларимда бўртиброқ кўринди. Яқин кунларда матбуот юзини кўрса керак.
Лекин менимча, ёзувчининг ҳаётида мавзу чекланмайди. Айнан кўпкари деган мавзуга интилмаган бўлсам ҳам, бот-бот ўша чавандозларнинг ичида эҳтимол қариндошларим бўлганлиги учун уларнинг турмуш тарзи менинг ҳаётимга маълум маънода сингиб кетган. Уларни бегона деб ҳисобламайман. Шунинг учун ўзимга яқин мавзу, кўнгилга яқин, керак бўлса, ўқувчигаям маълум маънода яқинлик касб этса, шундан хурсандман.
– Асарнинг китобхонни сеҳрлаб қўйиши, уни тобора ўзига жалб этишининг сабаби нимада деб ўйлайсиз?
– Бу, авваламбор, кўп жиҳатдан адибнинг маҳоратига боғлиқ. Масалан, шуни жўнроқ қилиб тушунтириш мумкин. Бир хил мавзуда жуда кўплаб қўшиқлар яратилади ва айрим қўшиқ ижрочиларигина бизга яқинроқ. Биз уларни кўпроқ севиб тинглаймиз. Шу сингари адабиётда ҳам янги мавзунинг ўзи йўқ. Ҳар ким ўзининг, масалан, ижтимоий ҳаёт бўладими, севги-муҳаббат ҳақида бўладими ёки сиёсий мавзуда бўладими, бундан қатъи назар, ёзувчи уни ўқувчига оҳанрабодек ёқимли ва жозибали қилиб етказа олиши мумкин – ёзувчининг вазифаси шу. Агар ўқувчига маълум маънода яқинлик билан етказар экан, бу муваффақият – фақат маҳорат билан боғлиқ бўлган сир.
– “Давлатнинг қайтиши” ҳикоянгизда асосий мақсад ҳар бир инсон ўз тақдирини ўзи яратади, бахтли онларни ўз қўлида тутиб қолишига қодир бўлган инсонларгина ҳаётда тўлиқ бахтлиман деб айта олишга ҳақли эканлигини уқтирмоқчи бўлгансиз. Мен асарни ўқиш асносида ҳикоя охири яхшилик билан тугаса керак деган фикрни юрагимдан ўтказиб турган эдим. Умуман, ҳикояда Давлатнинг тақдирини фожиали якунлашдан мақсад нима? Унда нима назарда тутилган?
- Ҳикоя жанрига қўл урганимдан бери биринчи марта маълум бир маънода икки йўналишни битта ҳикояга сингдиришга ҳаракат қилганман. Бу ерда мен ўзим аслида ўша Давлатни яхши кўриб, унга ука сифатида ихлос қилиб ёндашганман. Дунёнинг бевафолиги, ўша ёш бир йигитга насиб қилаётган, айни пайтда исмиям Давлат, унинг қўлига осон кираётган давлат ҳам аслида жудаям омонат эканлиги ва мана шу совуққон дунёнинг одамга меҳрибон эмаслиги, давлат қўлнинг кири сифатида қолиб кетиши, ёш бир йигитнинг умри эрта хазон бўлиши, унинг атрофида дўстлари бўлиши маълум маънода ўша ёшларга хос бўлган кайфу сафо қилиб юришлари ҳам фақат омонатнинг ўзгинаси. Айни пайтда ўзиям омонат. Шуни эҳтимол, таъкидлагим келгандир. Ўйлаганларим шулар. Ўша жозибаям, ёшлик ҳам қўлга киритилган молу давлат, бу базму жамшид фақат омонат. Бу бир лаҳзада ўтиб кетаётган жилвалар, холос. Сароб. Ўшандан кейин қирқ ёшгаям етмасдан шамолдай ўтиб кетди. Бу ҳаётда аслида бор йигит. Уни таниб қолишларидан ҳадик олганман. Қисқаси, бу дунё ўта совуққон, бизнинг бино қўйишимизга арзимайди деган гапни айтмоқчи бўлганман.
- Реалистик йўналишда ижод қиласиз, бу сиз учун қулай усулми? Метафоралар ва рамзлар орқали ифодалашга муносабатингиз...
- Аслида реализм тарафдориман. Реализм эскирмайдиган услуб. Рамзийлик, тимсоллар, метафораларга қарши эмасман. Чунки Шарқ адабиёти – рамзийлик кўпроқ акс этадиган адабиёт. Керак бўлса, халқ оғзаки ижоди, достонларимизда ҳам, биз хоҳласак-хоҳламасак, ичидан тимсоллар чиқиб келаверади. Масалан, Гўрўғли образи. У мард давлат бошлиғи, унинг қирқ йигити кўпаймайдиям-камаймайдиям. Қайсидир мамлакатга юриш қиладими, албатта, ғолиб чиқади. Ва айни пайтда бефарзанд. Унинг туғилиши ҳам ғалати. Онаси вафот этгандан кейин, гўрда туғилади ва ўзи париларга уйланади. Юнус пари билан Мисқол парилар унинг маликалари. Маълумки, ҳаётда ва афсоналарда, диний асарлардаям парилар фарзанд кўрмайди. Чунки улар фаришталар. Гўрўғли фаришталарга уйланган ва бундан кейин ҳам фарзанд туғилмаслиги аниқ. Бу ғалати бир тимсол. Лекин мардлик, полвонлик, жасорат, адолатсизлик устидан доим ғалаба қилишлари, Авазхон бўладими, Ҳасанхон бўладими ва бошқаларга ёр танлашда ҳар доим кўмакдош бўлиб келган. Маълум бир оддийлик бор, оддийликнинг орқасида сирлилик, яъни ўзи фарзанд кўрмай туриб, асранди ўғилларининг ҳаммасини бахтли қилишга ҳаракат қилган подшоҳ. Шу маънода, биз истасак - истамасак, бу асарларга қайтишга мажбур бўламиз.
Сизга маълум, “Чамбилбелнинг ойдаласи” номли қиссам бор. Бу қиссада “Гўрўғлининг туғилиши” достонидан фойдаланганман. Менинг замонавий қаҳрамоним ўлади-да, гўрдан тирилиб қайтиб келади. Қайтиб келгач, барибир аввалги пайтдаги ғирромликларнинг устидан чиқади. Замондош ва тенгдошларига қўшила олмайди. Яна унга ёндош бир образ бор. Отақул қирғий. У оқсоқол одам, гапи кескир, фақат қишлоғида эмас, бошқа жойларда ҳам таъсири кучли. Уям тақдир тақозоси билан ўғриларнинг қўлига тушади-да, даштда қолиб кетади. Чўлда йилқибоқарлик қилишига тўғри келади. Замонавий бойларнинг қўлига бежиз тушмаган, синчилиги, отбоқарлиги, кўпкаридаги беқиёс тажрибаси минглаб йилқиси бор бойга қўл келади. Бизнинг Гўрўғли билан иккови бир-бирини билган ҳолда ёндош яшайди. Уларнинг қариндошлик жиҳатлари ҳам бор. Отақул қирғий охирида ўша даштдан қочиш имконияти туғилганда “Сизни олиб кетаман”, деб таклиф қилинганида “Мен кетмайман”, дейди. Унинг ўзига хос сабаби бор. У эл устида юрган оқсоқол одам, элга ақл ўргатиб юрган одам маълум бир муддат қулчилик қилишга мажбур бўлди. Ана шу иснодни кўтара олмади. Иснод шундай, бундан кўра ўлиб кетгани ва дом-дараксиз кетгани афзал эди. Уни бедарак кетган деб қидиришади, топишолмайди. Бу ерда мен урғу бермоқчи бўлган гапим шу халқнинг оқсоқоли бўлган одам энди бир муддат йўқ бўлиб кетдими, бунақа ғурурли одам элга қўшилмаслиги аниқ. Буни энди эксперимент, маълум жиҳатлари модерн адабиётга тааллуқли деб талқин қилиш ҳам мумкиндир. Баъзи адабиётшунослар гапирган, лекин ўзим моҳиятини яхши англаганим учун ўша рамзлардан фойдаланишга ҳаракат қилганман. Бироқ реализм устувор. Ўша тимсоллар ҳам бор. Ўзимнинг замонавий қаҳрамоним хиёнат қурбони бўлди. Ўзининг дўсти хиёнат қилди. Оқибатда у ўлимга юз тутади-да, аслида ўлмайди, клиник ўлимни бошидан кечиради – бу реализм. Лекин айни пайтда қабристонга қўйиб, қайтиб келишгандан кейин у ўзининг аввалги ҳолатига қайтиб, тирилиб келади. Ўша чўлдаги Отақул қирғий билан учрашади. Менинг ўйлаганларим – дунё тор ва айни пайтда дунё кенг. Дунёнинг торлиги мана шу иккита, тақдири бир-бирига жуда ўхшайдиган одамлар шу дунёнинг ўзида ҳам кўришди. Улар вафот этиб, руҳлари нариги дунёга бориб учрашиши шартмас деб учраштирдим. Бу ҳаёт ҳақиқатига тўғри келадими-йўқми, билмайман, бироқ ёзувчи сифатида ишонтиришга ҳаракат қилдим.
– Асарларингизда шевага хос сўз ва ибораларни ишлатгансиз. Жумладан, “қора товон”, “кичик нашахона”, “чўбир”, “кечин ола”, “чағат жой”, “ночавандоз”, “тосрайиб”, “эрталабга довур”, “тошдевол”, “мурдор бўлди”, “орқаси ер искамас жайдари табилчи”, “бу ўларман”, “бир фасилда”, “шуйтиб”, “чакамик”, “дустаман”, “шўрғалаб” кабиларни учратамиз. Шубҳасиз, у асарнинг ўқишлилигини оширган. Лекин сиз изоҳ бермай кетасиз. Бу ўқувчини синашми ёки барибир тушунади деган ишончми?
- Дастлабки ҳикояларимда муҳаррирлар изоҳ талаб қилишар эди. Кейин маълум бир муддат “Ёшлик” журналида ишлаганимдан кейин “Тил сандиғи” деган рукн пайдо бўлди. Бу ерда аксарият шевалар келтириларди-да, адабий тил билан изоҳланар эди. Раҳматли Равшан Файз билан бирга шу журналда фаолият кўрсатганимизда Қўшработ шеваларини тўплаганмиз. Кейин ўша сўзларнинг баъзи бирларини “Навоий асарларининг изоҳли луғати”да кўрдим. Биз шева деб ишлатаётган сўзлар қачондир халқ орасида бадиий сўз сифатида ишлатилган. Навоий ўз асарларида айрим шевалардаги сўзлардан адабий сўз сифатида фойдаланган. Сиз тилга олган сўзларнинг аксарияти адабий тилда муқобили йўқ сўзлар. Масалан, адабий тил доим бир жойда қотиб турмайди, янги сўзлар ҳисобига бойиб боришга мажбур. Масалан, сувда қулочкашлаб сузиш - “молтиш” деган сўз бор. Адабиётда ҳам йўқ, адабий тилдаям йўқ. Молтимоқ – сувда қўл билан олдинга ҳаракат қилмоқ. Адабий тил шевалар ҳисобига бойиса, ёмон бўлмайди.
- “Отамзамон ҳангомалари” асарингизни ўқиб, ёзувчи кундалигини ўқигандек бўлдим. Бу асарни ёзиш фикри сизда қандай пайдо бўлди? Асардаги қаҳрамонлар барчаси сиз туғилиб ўсган қишлоқда яшаган ва яшамоқда. Ўқувчиларингиз бу асарга қандай муносабатда бўлишди?
- “Отамзамон ҳангомалари”да нисбатан кейинги йиллардаги ҳолат ёзилган. Одам оғир ўйлардан, оғир ғоялардан чиқиб кетишнинг баъзи бир йўлларини ахтариб юради. Масалан, катта санъаткорга ҳам ҳар доим “Муножот” ёки “Чўли Ироқ”ни қайта-қайта буюртма берганинг билан айтгиси келмай қолади. Шу маънода, ўзим билган одамларнинг ҳаётидан кичик ҳангомалар ёзиб кўрсам-чи, деган фикр бор эди. Буям эксперимент аслида. Абдулла Орипов кўп эътироф этарди: “Собир, ўзинг билган одамлар ҳақида каттароқ бир нима мўлжаллаб қўй”, дерди. Лекин бу одамнинг кайфияти билан боғлиқ, буларнинг деярли кўпчилиги қариндошлар, боболар, момолар. Уларнинг бировга ўхшамайдиган қилиқлари, феъл-атвори, характери, ҳаётидаги эсда қоладиган қизиқарли воқеалар. Ҳикоя деб даъво қилмайман. Ҳангомалар.
Ҳангома деган жанр бор аслида. Латифа билан ҳикоянинг ўртасида. Бу бор жанр. Ўтириб-ўтириб, ҳангома устида, суҳбатлашиб бўладиган нарса. Унда тугаллик талаб қилинмайди. Бадиий чуқурлик, уям эҳтимол, талаб қилинмас ёки тимсоллар билан кўрсатиш ҳам шартмасдир. Бор-борича, йўқ – ҳолича. Бояги гапнинг давоми, ўша машҳур ҳофиз орада “Ёр-ёр”ниям айтса, яхши бўлади. Ёзувчиям оғир ғоялар, оғир ишдан ўтиб бўлгандан кейин енгилроқ бирор нима ёзгиси келади. Шу маънода, аслида, бу енгил жанр бўлиб кўрингани билан бор одамларнинг характерлари, шу жиҳати билан эътиборли бўлиш керак.
- Илгарилари таржима билан ҳам шуғуллангансиз, қорақалпоқ адиби Х.Тожимуродовнинг “Ов ҳангомалари”ини ва турк ёзувчиси Бакир Юлдузнинг “Карбало фожиаси” қиссасини ўзбек тилига таржима қилгансиз. Айниқса, “Карбало фожиаси” асари ўша пайтда барчага манзур бўлган эди. Кейинги йилларда таржима билан шуғулланмадингизми? Ёки бундан биз бехабар қолдикми?
- Йўқ, кейинги пайтларда таржима билан машғул бўлмадим. Баъзи бир чала таржималар бор-у, айнан мунтазам шуғулланишни талаб қиладиган соҳа буям. “Ов ҳангомалари”ни ёзган адибни эшитганман-у, кўрмаганман. Маҳорат бобида ҳам жудаям яхшилигини ҳис қилганим йўқ. Нашриётнинг менга юкламаси бўлган.
“Ёшлик” журналига Тоҳир Малик бош муҳаррир вақтида менга “Диний илмлардан яхши хабардор экансиз, Бакир Юлдузнинг “Карбало фожиаси” асарининг таржимаси билан сиз шуғулланинг”, деди. Қўлга олдим-у, бошладим. Баъзан бошқа ишларга машғул бўламан. Тоҳир аканинг ўзига хос феъли бор эдики, пешма-пеш эълон қилиб бораверди. Натижада мунтазам таржима қилишга мажбур бўлдим. Кейин китоб ҳолида ҳам босилди.
Қисқаси, таржимачилик мен учун мунтазам ишга айланмади. Кўп ёзувчиларнинг ҳикояларини таржима қилиб кўрганман. Таржиманинг фойдали томони, сиз билан бизга ўхшаб шаҳарда яшамаган, рус тили муҳитидан узоқ бўлганларга барибир бирданига сингишиб кетиш қийин. Шу маънода, одамнинг сўз бойлиги бадиий таржимада энг қўл келади. Айнан ўзинг гапираётган ўзбек тилини қамровли ва ўзбекча жаранглата билиш муҳим ўрин тутади. Шуни билганман.
Моҳир таржимонлар билан суҳбатлашиб, улардан ўрганишга интилдим. Низом Комилов, Ғайбулла ас-Салом каби олимлардан назарий билим олдим. Лекин Қодир Мирмуҳаммедов, Иброҳим Ғафуровларнинг таржима асарларини ўқиганда, одам барибир тан беради.
- Сизнинг тенгдошларингиз аллақачон бир неча романлар ёзишга улгурди. Сиз бу жанрга негадир қўл урмаяпсиз. Сизда маҳорат ва тажриба етарли-ку. Сабаби нимада?
- Ҳаётда кўрганларим ҳақида тизимли мавзуда ёки тарихий мавзуда ёзишни мўлжаллаб юраман. Бу ишга бел боғлаган киши бўлиб, материал тўплайман. Бу энди ҳаётнинг икир-чикирлари ҳақида бўлмайди. Миллатни миллат сифатида пастга тортадиган хунук бир ожизона иллатларимиз ҳақида бўлади. Роман ҳақида жиддийроқ ўйлаяпман. Вақти келди чамамда.
- Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.
Дўстбек Сулаймонов суҳбатлашди.