Соғлом турмуш тарзи фақат шахснинг саломатлигига эмас, мамлакат иқтисодиётига ҳам таъсир кўрсатади

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг ўн биринчи сессияси ўтказилди.

Кенгаш раиси Шуҳрат Негматов бошқарган сессия ишида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Одилжон Иминов иштирок этди.

Кун тартибига мувофиқ, дастлаб аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини оммалаштириш, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Суҳроб Зайниевнинг ҳисоботи ва вилоят спорт бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Олим Собировнинг ахбороти тингланди.

– Соғлом овқатланиш, фаол ҳаракатли турмуш ва бадантарбия, кун тартибини оқилона ташкил қилиш, шахсий гигиена қоидаларига риоя этиш, зарарли одатлардан тийилиш, тана  вазнини меъёрда ушлаш, хонадон ва атроф-муҳитнинг тозалиги, соғлом турмуш тарзи борасида  билим ва малакага эга бўлиш соғлом турмуш тарзининг асосий талаблари ҳисобланади, – деди С.Зайниев. – Вилоятимиздаги тиббиёт муассасалари аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш билан бирга соғлом турмуш тарзини ҳам кенг тарғиб этиб келмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида 606 мингдан ортиқ аҳоли юрак қон-томир ҳамда эндокринологик касалликлар бўйича скрининг текширувларидан ўтказилганда улардан 14 мингга яқинида қандли диабет, 24 минг нафарида семизлик, 21,7 минг нафарида қондаги холестерин юқорилиги, 32 минг нафарида юқори артериал босим, 18 минг нафарида ортиқча вазн ҳамда 12,5 минг нафарида юрак қон-томир касалликлари аниқланди. Аҳолини саломатлик кўрсаткичлари таҳлил этилганда 1-соғлом гуруҳ 1 миллион 746 минг (42 фоиз) нафарни, 2-таянч саломатлик гуруҳи 1 миллион 274 минг (31 фоиз) нафарни, 3-ўрта хавф гуруҳи 822 минг (20 фоиз) нафарни, 4-юқори хавф гуруҳи 29 минг (0,7 фоиз) нафарни ташкил қилди.

Давлат хизматчилари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва юқумли бўлмаган касалликлар хавф омилларини эрта аниқлаш мақсадида яқинда вилоят ҳокимлиги ходимлари ва вилоят муассасалари раҳбарлари тиббий кўрикдан ўтказилди. 93 нафар хизматчида антропометрик текширувлар амалга оширилди, қон босими, қонда кислород порциал босими (сатурация), қондаги глюкоза миқдори ўлчанди. Афсуски, кўрик натижасида бир қатор раҳбарлар саломатлигида нуқсонлар ва бу соғлом турмуш тарзига амал қилмаслик оқибати эканлиги аниқланди.

Мазкур масала юзасидан Қонунчилик палатаси депутати О.Иминов ҳамда вилоят Кенгаши депутатлари ўз фикрларини билдириб, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати ва самарадорлигини ошириш билан бирга, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш, жисмоний тарбия ва спортнинг оммавийлигини ошириш зарурлигини таъкидладилар.

Вилоятда ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Сардор Луқмонов ҳисобот берди.

Таъкидланишича, бугунги кунда вилоятда ижтимоий ҳимояга муҳтож 12 тоифадаги 198 минг нафарга яқин шахс билан манзилли иш олиб борилмоқда (ўтган йилнинг биринчи чорагида ижтимоий ҳимояга муҳтожлар рўйхатида 300 минг нафардан ортиқ фуқаро бўлган). Уларнинг 81 минг 393 нафарини кам таъминланган оилалар вакиллари, 110 минг 422 нафарини ногиронлиги бўлган шахслар, оғир касалликка чалинганлар, шунингдек, жисмоний, ақлий, сенсор ёки руҳий нуқсонлари бўлган ҳамда узоқ вақт даволанишга муҳтож бўлган болалар, 1872 нафарини ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшайдиган ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар, 1244 нафарини тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари, шунингдек одам савдосидан жабр кўрганлар, 1001 нафарини етим, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ҳамда тўлиқ бўлмаган оилалардаги болалар ташкил этади.

Йилнинг биринчи чорагида ногиронлиги бўлган шахсларнинг 3640 нафари реабилитация воситалари ва протез ортопедия мосламалари билан таъминланган. 118 нафари тўлиқ, 449 нафари қисман реабилитация қилинган. 2287 нафарининг бандлиги таъминланган бўлса, 611 нафари параспортга жалб қилинган. 12 минг 700 нафар вояга етмаган бола ижтимоий ҳимояга олинган.

– Амалга оширилган ишлар, кўрсатилган ижтимоий хизмат ва ёрдамлар натижасида 2025 йил 1 апрель ҳолатида вилоятимизда нафақа олувчи оилалар сони 81 минг 393 тани (7,8 фоиз) ташкил этди, – деди С.Луқмонов. – Ўтган йили бу рақам 189 минг 791 та (18 фоиз) бўлган. Нафақа олувчиларнинг камайиши натижасида 68,7 миллиард сўм бюджет маблағи иқтисод қилинди. 

Шундан сўнг, вилоятнинг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурлари доирасида электр таъминоти тизимини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Самарқанд ҳудудий филиали раҳбари Э.Мамасолиев ҳисобот берди. Аммо раҳбарнинг ҳисоботга етарли даражада тайёргарлик кўриб келмагани ва депутатларни қизиқтирган саволларга жавоб беролмагани сабабли ҳисобот қабул қилинмади.

Сессияда вилоятда Олимпия ва Паралимпия ҳаракати, ихтисослаштирилган ва оммавий спортни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда аҳоли жисмоний фаоллигини ошириш бўйича 2025-2027 йилларда амалга ошириладиган чора-тадбирлари тўғрисидаги, жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйилишига ва мулкдорлар билан очиқ муҳокама ўтказишга рухсат бериш тўғрисидаги, вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш тўғрисидаги ва бошқа масалалар кўриб чиқилиб, Кенгаш қарорлари қабул қилинди.