Солиқчилар тадбиркорга ортиқча ҳисобланган ҚҚС суммасини қайтариб берди 

Бугунги кунда солиқ хизмати идораларининг асосий вазифаси тадбиркорларга кўмаклашиш, яъни “Солиқчи - тадбиркорга кўмакчи” тамойили асосида иш олиб бориш қилиб белгиланган.

Самарқанд шаҳар давлат солиқ инспекцияси ходимлари ҳам шаҳар ҳудудида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектларини солиқ қонунчилигидаги ўзгаришлар билан доимий хабардор қилиб, уларга амалий ёрдам кўрсатиб келмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 550 та корхона раҳбар ҳамда бош ҳисобчилари билан мулоқот қилиб уларнинг ойлик, чораклик ҳисоботларини электрон тарзда юборишга амалий кўмак берилди. Онлайн назорат касса машинасидан фойдаланиш ва солиқ қонунчилигидаги ўзгаришлар, имтиёзлар тушунтириб берилди. Бундан ташқари, ҚҚС тўловчиси сифатида солиқ режимига ўтган 9 та корхонанинг фаолияти ўрганилди. Ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун чет давлатлардан ускуналар олиб келиб ўрнатаётган 13 та корхонага солиқ қонунчилиги бўйича маслаҳат берилиб, битта корхонага ер олиш учун Паст Дарғом тумани ҳокимлигига хат чиқаришда кўмаклашилди.

Бевосита корхоналарга бориб уларнинг фаолияти ўрганилмоқда. "YA TEKSTIL GROUP" МЧЖ ип-калава ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланади.

- Шаҳар давлат солиқ инспекцияси ходимларидан телефон орқали солиққа оид саволларимга жавоб оламан, маслаҳат сўраб тураман, - дейди корхона ҳисобчиси Мансур Абдумуродов. - Пандемия даврида қилган мурожаатимизни тезкорлик билан кўриб чиқиб 500 миллион сўм ҳосил бўлган қўшилган қиймат солиғининг ортиқча суммасини ҳисоб рақамимизга қайтариб беришди.

Бекмирза Аҳмедов,

Самарқанд шаҳар ДСИ ходими.