Солиқдан қарздор субъектларнинг транспорт воситалари, бино-иншоотлари, бошқа мол-мулклари хатловга олинди
Самарқанд вилояти солиқ бошқармасининг cолиқ қарзларини ундиришни ташкил қилиш бўлими томонидан солиқ қарздорлиги юқори бўлган тадбиркорлик субъектларида хатлов тадбирлари олиб бориляпти.
Ўтказилган тадбирлар натижасида вилоят бўйича тадбиркорлик субъектларининг солиқ қарздорлиги ҳисобига йил бошидан буён 186,1 миллиард сўм, шунингдек жорий йил июнь ойининг дастлабки 15 куни давомида 13,3 миллиард сўм миқдоридаги солиқ тўловлари амалга оширилган.
Шунингдек, июнь ойи ўтган даври мобайнида қарздорлиги мавжуд бўлган 207 та субъектнинг 175,3 миллиард сўм қийматдаги транспорт воситалари, бино-иншоотлари ва бошқа мол-мулклари хатловга олинган.
Хусусан, Ургут туманида ўтказилган тадбирда 336 миллион сўм қарздорлик юзага келган "Urgut ko'rkam textil" корхонасининг нотурар биноси;
Самарқанд шаҳрида фаолият кўрсатаётган “Samarqandyo'lovchitrans” МЧЖнинг 177,8 миллион сўм солиқ қарзи учун нотурар биноси;
Самарқанд шаҳрида жойлашган "MESE YO'L" МЧЖнинг 56,4 миллион сўм солиқ қарзи учун “Камаз” русумли автотранспортлари солиқ органларининг қарори асосида хатланди.