Сўзи озод, руҳи озод, ўзи озод инсон эди...

Пойтахтда яшаб, ижод қиладиган ёзувчи, журналистлар ўртасида шахмат бўйича мусобақа бошланди. Марказий “Пахтакор” стадиони ҳудудида жойлашган республика шахмат клубини тўлдирган 30 га яқин ижодкор дона суришиб, кунни кеч қилдик. Қоронғи тушди, мусобақанинг бош ҳаками эълон қилди:

– Эртага эрталаб соат 9:00да мусобақа давом эттирилади! Кеч қолганлар мусобақадан четлаштирилади!

Нима бўлди-ю, эртасига пича ҳаялладим. “Мусобақа бошланиб кетган бўлса-я!” деган хавотирда шоша-пиша шахмат клубига етиб борганимда соат 9:30 га яқинлашган, кеч куз эмасми, ҳаво совуқ, изғирин, қор учқунлар, не кўз билан кўрайки, клуб биноси ёнида… Озод Шарафиддинов ногиронлик аравасида, ёлғиз қунишиб ўтирар, на мусобақа иштирокчиларидан, на ташкилотчиларидан бирортаси кўринмас, ҳатто эшиклар очилмаганди…

Ҳаётда кўп-кўп ютуқларга эришган, тажриба орттирган сермаҳсул инсонларга ҳавас қиламиз, бундай ютуқларнинг асл сабабларини сўраймиз-суриштирамиз. Хилма-хил жавоблар орасида эса аксарият энг муҳимига кўпда эътибор бермаймиз. “Энг муҳими” деганда мен интизомни назарда тутяпман, ИНТИЗОМни! Интизом бўлмаган жойда ҳар қандай орзу-ният, ҳар қандай меҳнат-машаққат, ҳар қандай интилиш ҳавога совурилиши ҳеч кимга сир эмас, синоат эмас, гўё жуда-жуда кўпчилик учун бу оддий ҳақиқат, ҳикмат. Лекин унга риоя этишга келганда… интизомсизликка йўл қўямиз. Ҳатто эътиқод, ҳатто Аллоҳ инъом этган истеъдод, ҳатто соғлиғимизни асраб-авайлаш учун бениҳоя зарур кундалик мажбуриятларимиз ҳам жуда оддий ва арзимас кўринган интизомсизликларимиз қурбонига айланади.

Озод домла умри мобайнида нимагаки эришган бўлса, феъл-атворидаги интизомга садоқат туфайли эришди!

Орамизда ёзувчи-шоир озми? Адабиётшунослик нонини еб умргузаронлик қилаётганлар озми? Номдорлари озми?! Уларнинг ҳеч бирларини камситмаган ҳолда беихтиёр ўйлаб кетасан киши: нима сабабдан “Замон. Қалб. Поэзия” китоби 1962 йилда чоп этилди-ю, адабий жамоатчиликни ларзага солди, орадан 60 йил ўтса-да, китоб ҳали-ҳануз ўзбек зиёлиларининг ёдидан чиқмайди, қўлма-қўл ўқилади? Қадрланади? Ваҳоланки, Қўқон шаҳрининг Охунқайнар қишлоғида таваллуд топган  муаллифни кўпчилик танимас-билмас, у эндигина 30 ёшдан ошган навқирон мутахассис эди, холос. Озод Шарафиддинов муаллифларининг жамиятда тутган мавқеидан қатъи назар, бадиий асарларни бадиийлик қонуниятлари асосида таҳлил қилди, баҳосини берди. Жўн қилиб айтганда, ТЎҒРИСИНИ ёзди, БОРИНИ ёзди. Таъбир жоиз бўлса, бадиийлик қонуниятларига нисбатан ўзидаги — илмидаги интизомни садоқат, холислик, масъулият даражасига кўтарди.

Одамнинг исмида ҳикмат кўп деган гапни Озод домлага нисбат берилса, олам-олам таассуротлар ёғилади. Устоз фавқулодда озод инсон эди, фикрда, дунёқарашда, тафаккурда эркин-ҳур эди. Инсон ҳар қадам-ҳар лаҳзада кимгадир-нимагадир баҳо беради, муносабат билдиради, бу табиий ҳол. Озод Шарафиддинов қандай ўйласа, тўла ишонч ва қатъият билан шундай гапирар, нуқтаи назари бошқаларнинг нуқтаи назари билан “тил топишадими-йўқми”, муроса йўлини изламасди. Шўро мафкураси авж пардада “шаталоқ отган” даврларда ҳам жадид мунавварларимизни ҳимоя қилиш борасида бир қадам (!) ҳам чекинмади. Мафкурани таёқ қилиб икки қўлида ўйнатадиган казо-казолар панжасига панжа уришдан чўчимади. Қизиғи шундаки, Озод домла буларни қаҳрамонлик, миллатпарварлик, ватанпарварлик байроғи остига яширгани йўқ, ҳаёт, тарих ва бадиий ҳақиқат мезонларидан келиб чиққан ҳолда тўғри деб билди. Инон-ихтиёрини ботинни тўлдирган озод руҳга топшириб яшади.

Мутолаага ўчлик борасида Озод домлага бас келадиган китобхон йўқ эди ҳисоби. У кишининг тийнатида кўз очган ва тарбияланган (юқорида санаб ўтилган) озодлик, ҳурлик, эркинлик туйғулари чуқур илмий асосдан етилиб чиққани учун ҳам кучи, қудрати, залвори билан ажралиб турар, бу илмий салоҳиятга қарши мулоҳаза айтишга унча-мунча “дўст-у ғаним” журъат қилолмасди. Нафақат расмий маросимларда, оддий дўстона улфатчилик давраларида ҳам Озод ака “ағдан-бағдан” қабилида шунчаки гурунглашмас, яқинда ўқиган китоби борми, томоша қилган фильми борми, ўшалардан сўз очар, суҳбатдошларга янгидан-янги маълумотлар улашар ёхуд ўзини ўйлантирган қайсидир масала-муаммони ўртага ташлаб, даврадагиларни фикр алмашишга чорлар, ундар эди. Очиғи, Озод ака фалон китобни ўқидингизми ёки пистон фильмни томоша қилдингизми, деб сўраб қолишидан ҳайиқардик. Фикрчан, янгиликка ўч ҳамсуҳбат Озод домланинг жони дили эди, бу борада суҳбатдошнинг мансаб-мартабаси, ёшига қарамасди.

Озод Шарафиддинов умр бўйи халқимизнинг улкан ва номдор зиёлилари даврасида яшади, ижод қилди. Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) филология факультети юртимизнинг энг мўътабар илм-фан ва маърифат марказларидан бўлган йилларда талабаларга сабоқлар берди, замонавий адабиётимизнинг улкан намояндалари ҳаёт ва ижод мактабларида улғайди.

Ёш мустақил Ўзбекистон 60 ёшдан ошиб бораётган Озод Шарафиддиновга қайтадан ёшлик ғайратини инъом этди. Адабиётимиз тарихининг очилмаган қўриқларини очишда, мумтоз адабиётимиз анъаналарини ардоқлашда, ўзбек адабиётини жаҳон адабиётининг ҳақли аъзоси сифатида қадрлашда… халқимиз ҳаётининг энг қайноқ жабҳаларига доир қарашларини, фикр-мулоҳазаларини дадил ва баралла ўртага ташлашда бирон кун, бирон дақиқа куч-ғайратини аямади домла. “Истиқлол фидойилари”, “Сардафтар сарлавҳалари”, “Маънавий камолот йўлларида”, “Чўлпонни англаш”, “Ижодни англаш бахти” сингари ўнлаб китоблари, юзлаб таржима асарлари кенг китобхонларнинг маънавий мулкига айланди. Том маънодаги ЗИЁЛИ шахсга —  жамиятда юз бераётган ҳар қандай воқеа-ҳодиса ҳақида шахсий муносабатини билдиришга ҳақли инсон мақомига кўтарилди.

Домланинг “Эътиқодимни нега ўзгартирдим?” деб номланган иқрорномаси фавқулодда шов-шувга сабаб бўлди. Комфирқа тарих саҳнасини тарк этгач, миллионлаб одамлар эътиқодлараро сарсонликка учради. Энг оғири, ким қайси эътиқод этагини тутишини билмай, аросатда қолди. Озод домла эса заррача иккиланмай минбарга чиқди, қалбида не гап, не дарди бўлса, борини борича тўкиб солди. Бу ҳам мардлик, тантилик эди. Ўйлаганидай гапириши, гапираётгандай яшашига яққол мисол эди. Буюк Лев Толстойнинг “Иқрорнома”си туртки бердимикан бундай жўмардликка, деган хаёлларга борасан киши. Нақадар улкан меҳр-муҳаббат ҳаяжонида ўзбекчалаштирган эдилар домла бу бебаҳо тавбани, васиятномани!..

…1996 йил 4 сентябрь. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ҳузурида бир гуруҳ маънавият ва маърифат соҳаси вакиллари йиғилишди. Давлатимиз раҳбари сўз навбатини Озод акага берди. Домла, “Адабиёт шундай соҳаки!..” дея жумлани бошлаб улгурмай, Президент шундоққина ўнг томонида ўтирган Озод домла томон ўгирилди-да, “Яхши биламан, сиз дунё адабиётини севасиз, нима учун ўзбек ўқувчилари учун “Дунё адабиёти” деган журнал чиқармаслигимиз керак?! Имконимиз бор-ку!” деди. Орадан кўп ўтмай, “Жаҳон адабиёти” журналининг илк сони Озод Шарафиддинов бош муҳаррирлигида босмадан чиқди! Домланинг имзоси билан ўқувчиларга тақдим этилган “Жаҳон адабиёти”нинг дастлабки 100 сони миллий адабиётимизда ўзига хос тарихга айланди.

Бир гапни айтиш ўрни келди.

ХХ асрнинг аввалида халқимизнинг пешқадам вакиллари сафида жонбозлик кўрсатган мунавварларимизни яхши биласиз: Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунаввар Қори, Фитрат, Абдулла Қодирий, Чўлпон…

Иккинчи жаҳон урушидан кейинги давр: Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Мақсуд Шайхзода…

Уларнинг издошлари: Озод Шарафиддинов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов…

Мулоҳаза қилиб кўрайлик. Қайси халқнинг тарихи ўрганилса, турли даврларда кенг омманинг ҳурматини қозонган, халқ номидан сўз айтишга маънавий ҳаққи бўлган инсонларнинг аксарияти ижод кишилари бўлишган — адиблар, шоирлар, публицистлар… қалам аҳли. Сабаб? Бадиий ижоднинг илоҳий куч-қудрати табиатан, моҳиятан халқнинг қалбидан, орзу-ҳавасидан, армону ташвишларидан сув олади, шу тариқа қон ва жон туташиб кетади. Шу боис ҳам катта ижодкорларда шахсий ва ижтимоий дард орасида фарқ қолмайди, шу боисдан ҳам юқорида муборак исмлари ёдга олинган зотлар ўзларини халқнинг фахри, ифтихорига айланиб қолганларини сезишмаган, балки хоҳ асарларида, хоҳ айтар сўзларида эл-юрт дардини кўтариб чиққанлар.

Ҳар қандай жамият ўз даврининг етакчиларига, намуна ва ибрат бўларли маънавий йўлбошчиларига катта эҳтиёж сезади.

Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон фан арбоби Озод Шарафиддинов ана шундай ноёб мартаба насиб этган инсон эди.  Устоз ўз халқининг бугуни ва эртаси ҳақида қайғурадиган, халқнинг номидан сўз айтишга ҳақли юксак мақом эгасига айланди.   Қатор-қатор мақолалари, суҳбат ва интервьюлари ҳақли равишда кенг китобхонлар, газетхонлар, журналхонлар томонидан севиб ўқилди. Салмон Рушдидек замонавий жаҳон адабиётининг таниқли вакилига очиқ мактуб йўллаб, тап тортмай унинг попугини пасайтирадиган гапларини айтди.

…Ўзбекистон телевидениеси “Ахборот” кўрсатувининг номдор шарҳловчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Муҳаммаджон Обидовнинг “Фарғона ёғ-мой” корхонасидан тайёрлаган журналистик текшируви энг юқори даражаларда акс садо берди. Тегишли чоралар кўрилди. Озод Шарафиддинов айни шу кўрсатувдан илҳомланиб туғилган эҳтиросларини Муҳам-маджон Обидовга йўллаган очиқ хатида батафсил баён этди. “Қишлоқ ҳаёти” газетасининг 2001 йил 21 июнь сонида босилган очиқ хат нафақат бир телемухбирнинг жасорат билан тайёрлаган ахбороти, балки тўғри сўзнинг, халқ манфаати йўлида адолат йўлини тутишнинг нақадар оғирлиги ва машаққатларга тўлалигига ҳурмат тантанасига айланди. “Масъулият” деб номланган очиқ хат, аввало, халқимиз ҳаётидаги ҳеч бир воқеа-ҳодиса Озод Шарафиддиновнинг зийрак ва ҳушёр назаридан четда қолмаслигининг далолатига айланган бўлса, иккинчидан, мазкур муносабат миллий журналистикамиз тарихига муҳрлаб қўйишга арзирли воқеа сифатида ёдда қолди!

…1999 йил, 16 апрель. Миллий академик драма театри гавжум. Тантана қаҳрамони — таваллудининг 70 йиллиги нишонланаётган Озод Шарафиддинов сўзни фавқулодда қисқа қилди:

— Юрагим гапга тўлиб ётибди… Зиёли одам вақти келиб шаҳарнинг бош майдонига чиқиб, халқининг юзига тик боқиб, ҳисоб беришга тайёр бўлмоғи лозим!..

…Қандайдир юмуш билан домланинг уйига бордим. Ичкари кирдим. Устоз каравотда ўтирибди. Икки оёқ кесилган, бир бурда тана. Олдида ясама курси, бош узра 500 қувватли лампочка чарақлаган, кўзойнак тақилган, бир қўлда лупа – домла бош кўтармай ўқиб, ёзиб-чизяпти.

— “Жаҳон адиблари адабиёт ҳақида” китоби учун мақолалар таржимаси тугай деб қолди, шу билан бандман…

Кўз ўнгимдан ўчмайди у манзара, қулоғим остидан кетмайди у сўзлар. Шу ёшга чиқиб, шу-унча оғирдан-оғир дард-азобларини бошдан кечириб, бир оғиз “уҳ” демади-я, бу Инсон. Нолимади-я! Аллоҳ раво кўрган умрнинг сўнгги лаҳзаларини-да ғанимат билиб, адибларимиз, ёшларимиз, мухлисларимиз жаҳоннинг машҳур сўз заргарларининг адабиёт ҳақидаги ўлмас ўгитларидан бохабар бўлишларини истади, орзу қилди, умид қилди…

Хуршид Дўстмуҳаммад,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, ёзувчи.

(«Фарғона ҳақиқати» газетасидан олинди).

P.S. Тақдир ўйини

2005 йилнинг 4 октябрь куни рўзанинг биринчи куни саҳарлигини ўтказиб, энди тиловати Қуръон қилган эдик, телефон овоз бериб қолди. Домламиз Умарали Норматов: “Озод акани бериб қўйдик” дедилар.

Тақдир ўйинига эътибор қилинг. Фитрат, Отажон Ҳошим, Сулаймон Хўжа, Абдулла Қодирий, Чўлпон каби гўзал ва беназир инсонлар айнан 4 октябрь куни наҳорда отилганлар.

Буни қарангки, устозимиз Озод Шарафиддинов ҳам 4 октябрда ҳаётдан кўз юмдилар…

Омонулла Мадаев.

(“Университетда муҳрланган лаҳзалар” китобидан).