Созини созлайди "Шарқ таронаси"
Созини созлайди "Шарқ таронаси",
Қадим Самарқандда базм, тантана....
Оламни тутади ноғора саси,
Замин булбуллари жамул-жам яна.
Даврабоши эрур ҳур Ўзбекистон,
Ҳимматдан бел боғлаб, чорлар тўрига.
Даврага тушади меҳмону мезбон,
Лекин улоқ тегар зўрнинг зўрига!
Торларин сайратар арабу ажам,
Булбуллар сасидан энтикар само.
Оламга ёйилар жонбахш бир там-там,
Еру кўк нафасин ютади тамом.
Ўйинга тушар ой, кулади осмон.
Юлдузлар ҳам рақсга тушар қўшилиб.
Шамоллар товусдай айлар хиромон,
Еру кўкни ўпиб, нурдай эшилиб.
Уйқудан уйғонар руҳлар ҳам ҳатто,
Парқу қанотларга айланар қўллар,
Масеҳи Исодай жон этар ато,
Созларга жўр бўлиб куйлаган диллар.
Юракларни ўртар озар муғоми,
Вужудинг аллалар қўбиз, дўмбира.
Ва ёдингга солар уруш пайғомин,
Кўз олдингга келар, даҳшатлар... хира...
Фаластин осмони йиғлайди юм-юм,
Бир пой ковушчалар уйғонар куйдан.
Йўқолган эгасин ахтаради жим,
Оёқчалар ётар узилган, куйган...
Ёнар Украина буғдойзорлари,
Аланга олади олтин ранг сочлар.
Тутунмас, бағридан ўрлар зорлари,
Бир-бирин мавҳ этар оға-ин хочлар...
Қўшиқлар бегона тош юракларга,
Меҳрсиз дийдалар билмайди шафқат,
Нафслари ўрганган олтинга, зарга,
Истаги шон-шуҳрат, бойликдир фақат...
Муғанний баландроқ чалгил созингни,
Ҳар юракка етсин ҳаётнинг тоти,
Эзгуликка эш қил ҳур овозингни,
Луғатлардан ўчсин урушнинг оти...
Шаҳодат ИСАХОНОВА.
****
Боқий бўлсин хуш тароналар
Бу чаманга қушлар хониш истаб келгай,
Ишққа ташна диллар ёниш истаб келгай,
Карвон тортиб илми дониш истаб келгай,
Юртим, сенга адл, кўркам бўй муборак,
Самарқандда чин шарқона тўй муборак!
Азал-абад кўҳна шарқнинг бешиги - сен,
Дунё билар, эзгуликнинг эшиги - сен,
Ҳур элимнинг энг муқаддас қўшиғи - сен,
Юртим, сенга юлдузлар ҳам яқин бугун,
Диллашгани келмиш бахши-оқин бугун!
Наво ичра Навоийдан садо келди,
Танбурга жўр бўлиб Ҳинддан сато келди,
Шоҳ Бобурнинг орзулари адо келди,
Етти иқлим бағрингда бир элдир, яна,
Не тонг, олам бахт куйидан селдир, яна!
Кўк чайқалур - ҳар нолани уққан каби,
Кўзлар ёнур - Қуёш Шарқдан чиққан каби,
Дилда ғурур - минг рақибни йиққан каби -
Қайда нур бор - келгусидир парвоналар,
Боқий бўлсин юртимда хуш тароналар!
Зарифа ЭРАЛИЕВА.