Спорт хабарлари: футбол, гандбол, стритбол

Футбол

Ўзбекистон биринчи лигаси 3-тур ўйинларига старт берилди.

Унинг дастлабки ўйини Фарғонанинг “Шаҳрихончи” футбол жамоаси ҳамда Самарқанднинг “Unired” жамоаси ўртасида бўлиб ўтди.

Маълумот учун, Ўзбекистон биринчи лигаси, аҳамияти бўйича Ўзбекистон Суперлигаси ва Ўзбекистон Про-лигасидан кейин туради. 2021 йилда унда 12 та клуб куч синашган бўлса, жорий йил уларнинг сони 16 тага етди.

***

Гандбол

Самарқанд шаҳрида спортнинг гандбол тури бўйича аёллар ва эркаклар ўртасида Ўзбекистон чемпионатининг 2-тур босқичи бўлиб ўтмоқда.

Унда дастлаб, 19 апрелдан 3 майга қадар давом этадиган мусобақанинг биринчи босқичида хотин-қизлардан иборат 10 та жамоа ўзаро куч синашмоқда. Иккинчи босқичда эркаклар терма жамоалари беллашади.

***

Беш ташаббус

Спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабида “Беш ташаббус — спорт билан” шиори остида 2008-2009 йилларда туғилган мактаб ўқувчиларидан иборат жамоалар ўртасида стритбол спорт тури бўйича мусобақанинг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Унда ўғил болалар ўртасида Жомбой туманидаги 22-умумтаълим мактаби жамоасига тенг келадигани топилмади. Қизлар ўртасидаги баҳсларда Пахтачи туманидаги 27-умумтаълим мактаби жамоаси биринчи ўринни қўлга киритди.

Бекзод Аҳмедов.