Спорт хабарлари: Мини-футбол, кураш, стол тенниси, дзюдо
Мини-футбол
Самарқанд шаҳрида вилоят халқ таълими бошқармаси, туман ва шаҳар халқ таълими бўлимларида фаолият кўрсатаётган ходимлари ўртасида мини-футбол бўйича анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Бошқарма бошлиғи кубоги” мусобақаси бўлиб ўтди.
Жамоалар майдонда муросасиз тўп суришди. Якунда Оқдарё тумани халқ таълими бўлими жамоаси Нарпай тумани халқ таълими бўлими жамоаси устидан ғалаба қозониб, кубокка эга чиқди. Учинчи ўрин Тойлоқ тумани халқ таълими бўлими жамоаси насиб этди.
Ғолиб ва совриндор жамоалар иштирокчилари вилоят халқ таълими бошқармаси ҳамда Ўзбекистон "Ёшлик" жисмоний тарбия ва спорт жамияти вилоят бўлими томонидан кубок, диплом, медаль ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
***
Кураш
Ўзбекистон “Ёшлик” жисмоний тарбия ва спорт жамияти вилоят бўлими ҳамда вилоят кураш федерацияси ҳамкорлигида 2007-2008 йилларда туғилган ўғил ва қиз болалар ўртасида кураш бўйича вилоят биринчилиги ўтказилди.
Спорт якка кураш турларига ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабида ташкил этилган мусобақада вилоят бўйича 200 нафарга яқин умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари 13 та вазн тоифаси бўйича ғолиблик учун бел олишди.
Якунда барча вазн тоифасида 3 нафардан курашчи номи эълон қилинди ва энг муносиблари сараланди.
***
Стол тeнниси
Оқдарё туман болалар-ўсмирлар спорт мактабида стол тенниси бўйича вилоят биринчилиги мусобақаси ўтказилди.
Барча туман ва шаҳарлардан келган 100 нафардан ортиқ ўқувчи шахсий, жуфтлик ва аралаш жуфтлик баҳслари бўйича ғолиблик учун беллашди.
Қизиқарли ва шиддатли кечган мусобақа якунида ғолиб ва совриндор ташкилотчилар томонидан рағбатлантирилди.
***
Дзюдо
Жомбой туман болалар-ўсмирлар спорт мактабида 2008-2009 йилларда туғилган ўғил болалар ўртасида дзюдо бўйича вилоят биринчилиги бўлиб ўтди.
Мазкур мусобақада шаҳар ва туманлардан 150 нафардан зиёд ўқувчи 9 та вазн тоифаси бўйича ғолиблик учун курашга тушди.
Барча вазн тоифасида энг муносиблар саралаб олинди ва рағбатлантирилди.
***
Спорт гимнастикаси
Самарқанд шаҳридаги Гимнастика бўйича ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабида 2007 йилда туғилган ва ундан кичик ёшдаги ўғил ва қиз болалар ўртасида спорт гимнастикаси бўйича вилоят биринчилиги ташкил этилди.
Вилоятнинг барча ҳудудидан келган 140 нафарга яқин ўқувчилар ғолиблик учун ўз маҳоратларини кўрсатишди.
Энг кўп медаль Самарқанд шаҳри гимнастикачиларига насиб этди.
Бекзод Аҳмедов.