Спорт хабарлари: Ўзбек жанг санъати, каратэ, кикбоксинг, кунг-фу
Ўзбек жанг санъати
Самарқанд шаҳрида Ўзбек жанг санъати бўйича болалар ўртасида “Қорбобо совғаси” мусобақаси бўлиб ўтди. Унда 300 нафар спортчилар 28 та вазн тоифасида ғолиблик учун баҳс олиб борди.
Муросасиз кечган беллашув якунига кўра, умумжамоа ҳисобида Самарқанд шаҳар Ўзбек жанг санъати усталари биринчи ўринга сазовор бўлди. Иккинчи ўринни Самарқанд тумани спортчилари қўлга киритган бўлса, учинчи ўрин Каттақўрғон туманига насиб этди.
***
Анъанавий каратэ-до
Самарқанд шаҳрида анъанавий каратэ-до бўйича Самарқанд тумани ҳокимининг “Қорбобо совғаси” очиқ кубок мусобақаси ўтказилди.
240 нафардан ортиқ спортчи қатнашган мусобақада ғолиблик кубогини Самарқанд шаҳри каратэчилари қўлга киритди. Иккинчи ўрин қашқадарёлик спортчиларга, учинчи ўрин Тошкент шаҳридан келган спортчиларга насиб этди.
***
Аралаш жанг санъати
Самарқанд шаҳрида аралаш жанг санъати турлари бўйича профессионал спортчилар ўртасида "ATF-6 Амир Темур" чемпионати ўтказилди.
Шиддатли кечган баҳсда республикамизнинг барча вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасидан ташқари Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон Республикаларидан жами 28 нафар спортчи ғолиблик учун беллашди. Уларнинг 10 нафари ММА йўналишида ва қолганлари кикбоксинг бўйича куч синашди.
Мазкур чемпионатда самарқандлик Синдор Нуруллаев 70 килограм вазнда ҳамда Суҳроб Раҳимбеков 84 килограмм вазнда рақибини "ер тишлатди". Афсуски, бир нафар спортчимиз кикбоксингда рақибига мағлуб бўлди.
***
Кикбоксинг, каратэ, кунг-фу
Самарқанд шаҳридаги 1-сон болалар ўсмирлар спорт мактабида К-1 йўналиши бўйича кикбоксинг, каратэ, кунг-фу усталари вилоят биринчилиги беллашувида жам бўлди.
“Ўзбекистон ёшлари форуми-2021” тадбирлари доирасида ташкил этилган беллашувда 100 нафар спортчи ғолиблик учун маҳоратларини синовдан ўтказди.
Муросасиз кечган баҳс якунида Самарқанд шаҳри спортчиларининг қўли баланд келди. Иккинчи ва учинчи ўринлар бухоролик ҳамда наманганлик спортчиларга насиб этди.
***
Муай-тай
Самарқанд туманида муай-тай бўйича болалар ва ўсмирлар ўртасида “Қорбобо совғаси” мусобақаси бўлиб ўтди.
Вилоятимизнинг барча ҳудудидан келган 150 нафар спортчи ўз вазн тоифасида ғолиблик учун куч синашди. Якунда, умумжамоа ҳисобида Самарқанд тумани спортчилари биринчиликни эгаллади. Иккинчи ўринни Самарқанд шаҳри сопортчилари қўлга киритган бўлса, учинчи ўрин пастдарғомликларга насиб этди.
***
Таэквондо ИТФ
Самарқанд шаҳрида таэквондо ИТФ бўйича 5 ёшдан 15 ёшгача рангли ва қора белбоғ соҳиблари ўртасида “Қорбобо совғаси” мусобақаси ўтказилди.
Қизиқарли кечган баҳс якунига кўра, умумжамоа ҳисобида Паст Дарғом тумани таэквондочилари биринчиликни эгаллади. Иккинчи ўринни Самарқанд шаҳри спортчилари, учинчи ўринни Ургут тумани спортчилари қўлга киритди.
***
Мини футбол
Самарқанд шаҳрида мини футбол бўйича вилоят “2-лига биринчилиги ва кубоги” мусобақаси бўлиб ўтди.
Вилоятдаги маҳаллалар, корхона ва ташкилотлар, ҳуқуқни мухофаза қилувчи органлар, олий ўқув юртларининг ҳаваскор жамоалари иштирокида ўтказилаётган беллашувнинг биринчи турида 12 жамоа қатнашди.
Барча жамоалар бир-бирлари билан майдонда тўп сурди. Мазкур мусобақа 2022 йилнинг апрель ойигача давом этади. Сараланган 8 жамоа ғолиблик учун олимпия тизимида финалгача боради ва ғолиб номи аниқланади.
Ҳусан ЭЛТОЕВ.