ССВ туғруқхонада эркак кишининг шифокор аёлни сочидан тортиб судрагани юзасидан маълумот берди

Ижтимоий тармоқларда эркак киши тиббиёт муассасасидан аёл шифокорнинг сочидан тортиб, судраб чиқаётгани акс этган видеоёзув тарқалди.

Cоғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур ҳолат юзасидан маълумот берди.

Аниқланишича, 2021 йилнинг 25 август куни Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани Нурсуҳ қишлоғида истиқомат қилувчи 1998 йилда туғилган фуқаро М.С. туман тиббиёт бирлашмасининг туғруқ бўлимига «ҳомиладорлик 2, туғруқ 2, ҳомиладорликнинг 39 ҳафтаси. Туғруқнинг биринчи даври» ташхиси билан қабул қилиниб, 26 август куни соат 16:00 ларда тирик, жинси ўғил, 3200 грамм вазнли, аммо оғир аҳволдаги чақалоқни дунёга келтирган.

Туғруқни акушер-гинеколог Ю.А. ва шифокор-неонатолог Ҳ.Н.лар қабул қилган. Дастлабки тиббий текширувлар натижасида болада она қорнидалик даврида эмбрионал ривожланиш ва ҳомила органларининг пайдо бўлиши бузилган ва нуқсонли ривожлангани аниқланган. Натижада гўдак тўлиқ ривожланмаган органлар билан туғилган. Қолаверса, чақалоқда туғма нуқсонлар кузатилиб, боланинг ўпкаси 70 фоизга ривожланмаган.

Шу боис, чақалоқ зудлик билан интенсив терапия хонасига ўтказилиб, унга зарур реанимацион ёрдам кўрсатилган. Бироқ боланинг ўпкаси ўз фаолиятини бажармаганлиги сабабли унда оғир асфиксия ҳолати кузатилган.

Тиббиёт ходимлари томонидан олиб борилган керакли реанимацион чора-тадбирларга қарамасдан гўдак 2021 йилнинг 27 август куни соат чамаси 12:20 да «Ўткир нафас ва юрак етишмовчилиги» ташхисидан вафот этган. Шундан сўнг чақалоқ мурдаси ва тиббий ҳужжатлар паталогоанатомик текширувга юборилган.

Шифокор-неонатолог Ҳ.Н чақалоқ вафот этганлиги сабабли шу куни соат чамаси 12:30 ларда гўдакнинг буваси, фуқаро С.С.ни чақириб, унга вазиятни тушунтиришга ҳаракат қилган. Бироқ С.С. муассаса туғруқ бўлимининг врачлар хонасида туғруқ тарихларини ёзиб ўтирган ва туғруқни олиб борган акушер-гинеколог Ю.А.нинг олдига бориб, уни сабабсиз сочидан тортиб, ташқарига судраб олиб чиқиб, жиддий тан жароҳати етказган.

Дастлабки маълумотларга қараганда, ушбу зўравонлик ҳаракатини содир этган шахс, яъни 1971 йилда туғилган фуқаро С.С. ўз вақтида ички ишлар органлари тизимида ишлаб, нафақага чиққан.

Тиббий текширув давомида жабрланган шифокор Ю.А.га мия чайқалиши ташхиси қўйилган. Айни пайтда шифокор туман тиббиёт бирлашмасининг шошилинч тиббий ёрдам маркази жарроҳлик бўлимида даво муолажаларини олмоқда.